Энди илгаригидан ҳам ўн марта кўп меҳнат қилишимиз керак – Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Йиғилишда қишлоқ хўжалигининг ривожланишига катта туртки берадиган навбатдаги муҳим ислоҳотлар бўйича ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.
27 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбир олдидан президентлик сайлови ғолиби Ўзбекистонда бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён натижаларига тўхталди ва халққа миннатдорлик билдирди.
«Ассалому алайкум, ҳурматли йиғилиш қатнашчилари! Бугун сизлар билан мамлакатимизда бўлиб ўтган ғоят муҳим сиёсий воқеа – президент сайлови жараёнларидан сўнг, биринчи йиғилишимизни ўтказмоқдамиз. Ҳаммамизга аён бўлди, ҳудудларда ўтказилган учрашувларда халқимиз ўз фикрларини, таклифларини билдиришди. Жойлардаги раҳбарлар ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлигига яна бир марта амин бўлишди.
Халқимиз сайловда уюшқоқлик билан иштирок этиб, ўзининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётганини, тинч ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган эзгу ва олийжаноб интилишини яна бир бор яққол намоён этди.
Сайлов натижалари тинч-фаровон ҳаётимизга, эртанги кунга ишонч бўлганлиги, кенг кўламли ислоҳотларимизга берилган олий баҳо, деб ҳисоблайман. Мен ўзим учун кўп хулосалар қилдим, режалар тузиб олдим. Энди кечагидек ишлашга умуман ҳаққимиз йўқ. Чунки биз жуда катта-катта ваъдалар бердик.
Ушбу сайловда эл-юртимиз томонидан билдирилган юксак ишончни биз беш йил олдин бошлаган, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизга берилган энг олий баҳо, деб биламан.
Фурсатдан фойдаланиб, менинг Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланишимга ўз ишончини билдирган ва самимий қўллаб-қувватлаган азиз юртдошларимга, кўп миллатли бутун халқимизга, хусусан, алоҳида Қорақалпоғистон аҳлига яна бир бор ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити бизнинг энг катта бойлигимиздир. Мана шундай бебаҳо бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашни мен президент сифатида ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман.
Ушбу сайловларни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос ҳолда, юқори савияда, очиқ-ошкора, демократик, соғлом рақобат ва кураш муҳитида ўтказишга катта ҳисса қўшган барча мутасадди ва фаолларга миннатдорчилик билдираман.
Хусусан, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари, сайлов участкаларининг раҳбар ва аъзоларига, Миллий гвардия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига, алоҳида барча ташкилот ва идоралар ходимларига самимий ташаккуримни изҳор этаман. Тайёргарлик, тартиб бўйича уларга бирорта савол туғилмади.
Ўзбекистон президенти этиб сайланишим муносабати билан ўз табрик ва қутловларини йўллаётган мамлакатимиз жамоатчилигига, азиз ватандошларимга чуқур эҳтиромимни билдираман.
Айни пайтда, муқобиллик асосида ўтган сайловда бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг келгуси фаолиятларига омад тилайман. Биз куни кеча ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, жонажон ватанимиз равнақи йўлида фаол ҳамкорлик қиламиз.
Ҳар бир партия дастурларида ҳам зарур жиҳатлар бор. Бошқа партияларга билдирилган ташаббусларни ҳам ўрганамиз, ҳисобга оламиз.
Энди, сайловолди учрашувларимизда илгари сурилган стратегик дастуримиз – Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимизнинг ҳаётини обод ва фаровон қилиш бўйича белгилаб олган мақсад ва вазифаларни жадал ва изчил амалга ошириш учун, белимизни маҳкам боғлаб, илгаригидан ҳам ўн марта кўп меҳнат қилишимиз керак.
Халқимизнинг ишончини оқлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги, қонуний манфаатларини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, инсон қадр-қимматини улуғлаш барча бўғиндаги раҳбарларнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас бурчига айланиши зарур.
Аминманки, тарихнинг кўплаб синовларидан мардона ўтиб келаётган меҳнаткаш ва олийжаноб, бағрикенг халқимизнинг мустаҳкам ва метин иродаси, бетакрор ҳаётий тажрибасига таяниб, кўзлаган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз.
Олдинда бизни мураккаб синовлар кутмоқда. Лекин биз меҳнатдан, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, ўз кучи, салоҳияти ва имкониятларига ишонадиган халқмиз.
Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун эркин тафаккур, замонавий дунёқараш асосида фидокорона меҳнат қилиб, миллий юксалиш сари дадил боришда давом этамиз.
Бугун ўтказадиган йиғилишимиз ҳам ана шундай вазифалар билан бевосита боғлиқ», – деди Шавкат Мирзиёев.
- Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни МСК томонидан эълон қилинган натижаларга кўра Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз тўплаб, яна бир бор президентлик сайлови ғолиби бўлганди.
Мавзуга оид
14:59 / 23.11.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32 / 23.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024