Жамият | 16:56 / 27.10.2021
5654
2 дақиқада ўқилади

МСК президент сайловига доир батафсил маълумотлар ҳалигача очиқланмаётганига изоҳ берди

Марказий сайлов комиссияси Сайлов кодексининг 97-моддасига асосан, президент сайлови якунларига кўра МСК қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинишини ва мазкур қарор ташкилот расмий веб-сайти ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинишини билдирди.

Расмий баёнотда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон президенти сайлови якунларига бағишланган мажлиси жорий йилнинг 29 октябрига режалаштирилгани айтилади. Мажлисда тегишли қарор қабул қилингандан сўнг сайлов якунлари ва овоз бериш натижаларига оид маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси 24 октябрдаги президент сайловида овоз беришнинг дастлабки натижалари жамоатчиликка маълум қилган эди.

Лекин орадан бир неча кун ўтган бўлишига қарамай, сайлов округлари ва участкалари бўйлаб овозлар сони, номзодларга қанча сайловчи овоз берганига ва яроқсиз деб топилган бюллетенлар сонига доир рақамлар эълон қилинмаяпти.

Шунингдек, сайлов кампанияси эълон қилинганидан буён сайловчиларнинг умумий сони юзасидан ҳам турли рақамлар айтилмоқда. 

Мавзуга оид