Ўзбекистон | 10:02 / 27.10.2021
106197
3 дақиқада ўқилади

Декан ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилганликда гумонланиб қўлга олинди

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабасига тегажоқлик қилган декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105, 118-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Nemolchi.uz

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3-курс талабаси Муштарийбону Комилова Nemolchi.uz лойиҳасига мурожаат қилиб, жорий йилнинг 18 октябрь куни у Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Ю.нинг хонасига кирганида мансабдор шахс унга нисбатан шилқимлик қилганини маълум қилган.

Nemolchi.uz жабрланувчининг тилидан воқеа тафсилотларини келтириб ўтган. Қайд этилишича, талаба қиз декан ўринбосари бўшашини кутиб турган. Хонадан ҳамма чиқиб кетгач, мансабдор шахс чарчаганини айтиб, қиздан қаҳва дамлаб беришни сўраган. Қиз қаҳва дамлашга чоғланган пайтда эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчиради. Муштарийбону ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўраган.

Фото: Nemolchi.uz

“Қиз хонадан чиқмоқчи бўлганда эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлади. Қиз бунга қаршилик кўрсатади. Бу орада қизнинг дўсти етиб келиб, эшикни очишни сўрайди.

Муштарийбону амаллаб дераза олдига келиб, ёрдамга чақиради. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлайди. Қаршилик кўрсатишига қарамай эркакка кучи етмайди ва пастга тушиб кетади. Декан ўринбосари эса деразани ёпиб, жалюзини туширади ва эшикни очади.

Қизнинг дўсти Б.Ю.ни олиб пастга тушади. Декан ўринбосари атрофда йиғилганларга қиз ойнадан ўзи сакраганини айтиб, уни ўзи шифохонага олиб боришини таъкидлайди. Йўлда мансабдор шахс қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, Муштарийбону ойнадан тушиб кетгани, уни шифохонага олиб бораётганини айтади.

Йўл-йўлакай Б.Ю. қизга воқеа қандай рўй берганини сўраганларга ойна артаётиб йиқилиб тушганини айтишини тайинлайди. Шу пайт машинанинг орқа ўриндиғида келаётган қизнинг дўсти нима гаплигини сўрайди. Муштарийбону ўзининг деразадан итариб юборилганини айтади”, деб ёзган Nemolchi.uz.

Муштарийбонуга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши каби ташхислар қўйилган. Нашрга қизнинг яқинлари декан ўринбосари номидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилишганини айтишган. Муштарийбону ўқиган факультет талабалари тўлиқ онлайн таълимга ўтказилган, бироқ ушбу қарорнинг сабаби очиқланмаган.

Фото: Nemolchi.uz

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Б.Ю. га нисбатан Жиноят кодексининг 105- ва 118-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Мавзуга оид