Ўзбекистон | 16:33 / 27.10.2021
16168
3 дақиқада ўқилади

Тўртта туман ҳокими ўтиб кетган санага сессия чақирди

Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари маҳаллий кенгаш депутатларини сессияга чақириш ҳақида қарор имзолади, лекин қарор чиққан пайтда мажлис белгиланган сана ўтиб бўлган эди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев 4та туман ҳокими томонидан ўтмишга оид қарорлар қабул қилинганига эътибор қаратди.

E-qaror порталидаги ахборотлардан аён бўлишича:

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов 5 октябрдаги қарори билан Халқ депутатлари туман кенгашининг мажлисини 4 октябр кунига чақирган.

Сурхондарёнинг Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев 13 октябрда қарор чиқариб, депутатлар мажлисини 11 октябрга чақирган.

Андижоннинг Бўстон тумани ҳокими в.б. С.Носирова эса 13 октябрда қарор чиқариб, 9 октябрга депутатлар мажлисини чақирган.

Сурхондарёнинг Термиз тумани ҳокими Ш.Ўринов 25 октябрдаги қарори билан 21 октябр санасига мажлис чақирган.

“Ўзбекистонда илм-фан ривожланмаган дейишади. Бўлмаган гап! Мана, айрим ҳудудларда вақтни орқага қайтарувчи машина ихтиро қилишибди. Натижада ҳокимлар ўтмишга оид қарорлар қабул қилишмоқда.

Ҳокимлар барака топишсин, илм-фанда бундан ҳам катта ютуқларга эришишига тилакдошман”, – дея киноя қилган Хушнудбек Худойбердиев.

У сўзи якунида ҳокимлар маҳаллий кенгашларга раислик қилаверса, “шунақа майнабозчиликлар ҳали кўп давом этиши”ни билдирган.

Расмийларнинг сўнгги баёнотларидан хулоса қилинса, Ўзбекистонда ҳокимлар сайловини ўтказиш ва уларни кенгаш раислигидан кетказиш масаласи яна бир неча йилларга чўзилади.

Сайланмаган ўзбек ҳокимларининг юқоридаги ҳаракатлари эса америкалик машҳур назариётчи физик Стивен Ҳокингнинг “тажриба”сини ёдга солади.

Назариётчи физик Стивен Ҳокинг вақтлараро саёҳат қилиш имконсизлигини исботлаш мақсадида бир “тажриба”га қўл уради.

Унга кўра, олим 2009 йил 28 июн куни базм ташкил этади. Бироқ ушбу базмга ҳеч ким келмайди. Гап шунда эдики, олим базм тугагунича меҳмонлардан ҳеч кимни таклиф этмайди. У базм тугаганидан сўнггина меҳмонларга ўтмишдаги вақтда бўлиб ўтган меҳмондорчиликка таклифнома жўнатиб чиқади.

Олим базм давомида келажакда берадиган таклифномаси орқали кимдир базмга келиб қолармикан, деб узоқ кутади. Агарда чақириладиганлар рўйхатидан бирор киши базмга келса, бу ўтмишга саёҳат қилиш мумкинлигига исбот бўлиб хизмат қилган бўларди.

“У ерда узоқ ўтирдим, лекин ҳеч ким келмади”, деган Стивен Ҳокинг “тажриба” ҳақида сўзлаётиб.

Шу тариқа, олим ўтмишга саёҳат қилиш имконсизлигига ўз тажрибаси орқали гувоҳ бўлганини таъкидлайди.

Мавзуга оид