Заҳарланишдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам вафот этиш ҳолатлари қайд этилган — Дониёр Алимов ис гази хавфидан огоҳ бўлишга чақирди
Бу йилги куз-қиш мавсумида ҳам аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари давом этмоқда. Самарқанд вилоятида сўнгги 10 кун ичида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4та ҳолат қайд этилиб, 8 киши вафот этган. Қурбонларнинг беш нафари вояга етмаган болалардир.
Ис гази ўзи нима? У қандай ҳосил бўлади? Ис газидан заҳарланганда инсонда қандай белгилар кузатилади? ССВ матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимовга мурожаат қилди.
— Ис гази жуда «айёр» – у асосан табиий газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Унинг энг хавфли жиҳати ҳеч қандай ҳид ва рангга эга эмаслигидадир. Шу боис ҳам, мутахассислар ис газига «сездирмасдан ўлдирувчи» дея таъриф беришади.
Ушбу газ организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Бунинг оқибатида гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксия, оғир ҳолатларда эса аноксияга олиб келади. Ҳатто, заҳарланиш оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда ис газидан заҳарланиш туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари алкоголдан заҳарланиш сабабли кузатиладиган ўлимлардан кейин иккинчи ўринда туради. Биргина АҚШда ҳар йили ўртача 400 нафарга яқин инсон ушбу газдан заҳарланиш оқибатида вафот этади.
Афсуски, юртимизда ҳам бу борадаги кўрсаткичлар ҳавас қиларли даражада эмас. Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2020 йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари орқали 633 нафар бемор госпитализация қилиниб, шундан 14 нафар беморда ўлим ҳолати кузатилган. Бу кўрсаткичга уйида, яъни воқеа жойида вафот этганлар сони киритилмаган. Биргина РШТЁИМнинг ўзида ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида ис газидан 21 нафар бемор даволаниб чиқди.
— Қандай омиллар ис газидан заҳарланишга сабаб бўлади?
— Маълумки, куз-қиш мавсумида юртимизда кўпчилик аҳоли ўз хонадонларида қўлбола ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган иситиш жиҳозларидан фойдаланади. Айтиш мумкинки, бу ҳолат ис газидан заҳарланишга сабаб бўлувчи энг асосий омиллардан бири саналади. Шунингдек, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, дудбуронларни ўз вақтида тозаламаслик, уй ичини иситиш мақсадида очиқ оловдан фойдаланиш, ҳаво алмаштирувчи шахталар ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш ҳам заҳарланишга олиб келади.
Ис газидан заҳарланиш қисқа муддатларда ёки аста-секинлик билан юзага чиқиши мумкин. Бу эса ўша муҳитдаги ҳаво таркибида мавжуд бўлган газнинг концентрациясига боғлиқ. Яъни жуда юқори концентрацияларда заҳарланиш тезда юзага чиқса, газ миқдори кам бўлганда бу ҳолат аста-секин содир бўлади.
— Ис газидан заҳарланганда инсонда қандай белгилар намоён бўлади?
— Агар одам ушбу газдан кучли заҳарланган бўлса, унда ҳушнинг йўқолиши, турли тутқаноқлар ва нафас тўхташи каби белгилар кузатилади. Ис гази концентрацияси кам миқдорда бўлганда мушаклар бўшашиши, бош айланиши, қулоқларда шовқин, кўнгил айниш, қусиш, уйқучанлик, ҳаракатларнинг қисқа муддатга фаоллашиши, кейинчалик ҳаракат мувозанатларининг издан чиқиши рўй бериши мумкин. Айрим ҳолларда эса алаҳсираш, галлюцинациялар, ҳушнинг йўқолиши, тутқаноқлар, кома, нафас марказининг фалажланиши, ҳатто, ўлим ҳолати содир бўлади.
Нафас тўхтаганидан кейин ҳам юрак фаолияти бироз давом этиши мумкин. Баъзида заҳарланишдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам беморларнинг вафот этиш ҳолатлари қайд этилган.
Шундай экан, ҳар бир юртдошимиз ис гази хавфидан огоҳ бўлиши ва бунга жиддий эътибор қаратиши, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиши, энг муҳими, юқоридаги сабабларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслиги лозим.
Мавзуга оид
18:11 / 19.11.2024
Наманганда ота ва унинг икки фарзанди, Бухорода она ва ўғил ис газидан заҳарланиб, вафот этди
19:27 / 14.11.2024
Ўзбекистондаги меҳмонхонада вафот этган россиялик журналист қонида ис гази излари топилди – ОАВ
15:57 / 07.11.2024
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
19:16 / 31.10.2024