Ўзбекистон | 22:48 / 28.10.2021
37028
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда собиқ суд раиси устидан жиноят иши очилган. У расман қидирувда

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Дўстлик туман судининг собиқ раиси бир неча ойдан буён қидирувда. Kun.uz манбасига кўра, у пора олишда гумонланмоқда. Бош прокуратура бу маълумотни тасдиқлади.

Фото: ИИВ/Getty Images

Манбанинг Kun.uz'га билдиришича, суд раиси 11 минг АҚШ доллари миқдорида пора олишда гумонланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ судя тергов органларидан яшириниш мақсадида чет элга қочиб кетган. Шу туфайли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Манба судянинг исм-фамилияси Фазлиддин Пардаев эканини маълум қилди. Ички ишлар вазирлиги сайтига жойланган қидирувдаги шахслар рўйхатида шундай исм-фамилияли шахс ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш)да гумонланаётгани кўрсатилган.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz сўровига асосан қидирувдаги мазкур шахс айнан шу судя эканини тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, жиноят ишлари буйича Дўстлик тумани суди собиқ раиси иш юритувидаги жиноят иши юзасидан судланувчига енгилроқ жазо тайинлаш эвазига адвокат орқали муайян миқдорда пора олишга қаратилган хатти-ҳаракат содир этгани ҳолати юзасидан 2021 йил 29 март куни жиноят иши қўзғатилган.

“Гумонланувчи тергов органига келишдан бош тортиб, яширингани сабабли унга нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда қидирув эълон қилинган.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, – дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, Фазлиддин Пардаев “фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун” 2021 йил 5 апрел куни Жиззах вилояти ЖИБ Дўстлик туман судининг раиси вазифасидан озод этилган.

Акбаров унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича кенгашда маълумот мавжуд эмаслигини билдирди.

Маълумот ўрнида, 2019 йилда Дўстлик туман суди раиси Фазлиддин Пардаев берган маълумотга асосан, Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтида кичик хабар жойланган. Хабарда бир шахс Дўстлик туман суди биносида терговчига 100 доллар пора беришга уринган вақтида қўлга олингани ҳамда суд ҳукмига асосан ЖКнинг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида туман прокурори, Самарқанд вилоятида эса туман прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид