Жаҳон | 23:17 / 28.10.2021
7370
2 дақиқада ўқилади

Пентагон АҚШ ва Хитой гипертовушли қурол синовидан нечтадан ўтказганини маълум қилди

Фото: Reuters

АҚШ қуролли кучлари охирги 5 йил давомида гипертовушли қурол синовидан 9 та ўтказган бир вақтда, Хитой юзлаб бундай синовларни амалга оширган. Бундай маълумотларни АҚШ қуролли кучлари штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси ўринбосари генерал Джон Хайтен ҳарбий шарҳловчилар Вашингтон гуруҳига маълум қилди.

Бироқ Хайтен Хитой ўтказган синовлар ҳақидаги маълумот махфий эканини айтиб, синовларнинг аниқ сонини ошкор қилмаган.

У, шунингдек, Хитой июлда синовдан ўтказган ва паст орбита бўйлаб Ер шарини айланиб чиққан гипертовушли учиш қурилмаси ҳақида АҚШда мавжуд бўлган маълумотларни ошқор қилишдан бош тортган. Аввалроқ АҚШ қуролли кучлари штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Марк Милли ушбу синовлар Вашингтонни ўз вақтида собиқ иттифоқ дунёда биринчи бўлиб сунъий йўлдошни фазога учирган вақтдагидек кучли ажаблантирганини тан олган. 

“Яқинда ўтказилган синовлар ҳақида маълумот бера олмайман, чунки мен билган барча ахборот махфийлаштирилган. Ушбу синов бизда катта хавотир уйғотди. Бироқ тафсилотларни бўлиша олмайман, чунки мендаги барча маълумотлар разведка томонидан тақдим этилган”, деб таъкидлаб ўтган Хайтен.

2 ҳафтача аввалроқ Financial Times нашри ўз манбаларига таяниб Хитой июл ойида гипертовушли ракета синовини ўтказгани, у нишонни уришдан олдин бутун сайёрани айланиб чиққани ҳақида хабар берган. Бироқ Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян ушбу маълумотни рад этиб, синовдан ракета эмас, балки космик қурилма ўтказилганини маълум қилган.  

Гипертовушли қурол атмосферада 6120 км/соат ёки ундан юқорироқ тезлик билан уча оладиган ракета қуроли ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид