Ўзбекистон | 15:41 / 28.10.2021
24176
7 дақиқада ўқилади

Прописка тизими барҳам топди, лекин оқибатлари ҳамон давом этмоқда

Судья Нуриддин Муродов Kun.uz’га тақдим этган мақоласида Тошкент пропискаси олиш осонлаштирилиши ортидан фуқаролик судларида юзага келаётган уй низолари ҳақида сўз юритади.

Фото: Нуриддин Муродовнинг шахсий архиви

Тошкент шаҳридаги прописка балоси бу борада коррупцияни урчитганидан барчамиз хабардормиз. Шунингдек, ноқонуний никоҳлар кўпайиб кетгани ва унинг оқибатлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Минглаб хонадонлар ва бошқа кўчмас мулклар пропискаси борларнинг номига олинганини-ку қўяверинг.

Яхшиямки, Тошкент шаҳридаги прописка балоси барҳам топди. Лекин унинг асорати анча-мунча чўзиладиган кўринади ёки қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, “Бировни номида бўлган мулкимни олиб беринг”, деган даъволар судларда кўрилаверади. Қонуний қарор қабул қилинаверади. Аммо адолатни доим қўллаб бўлармикин?..

Агар даъвогарга “Йўқ, адолат шундаки, сиз ўша пайтда қонунни четлаб ўтгансиз, айб сизда, чунки сиз ўз қўлингиз билан ўз маблағингизга кўчмас мулк олиб, танишингиз, “завжангиз” номига расмийлаштириб бергансиз, яъни олди-сотди шартнома сиз билан эмас сотувчи ва улар ўртасида имзоланган”, десангиз; ёхуд: “Ноқонуний никоҳ қуриш асносида, ўз оилангизни ҳам алдагансиз, “фақат прописка учун” дегансиз, аммо “кўзингизга яхши кўринган аёл танишингиз”га мулк ваъда қилгансиз, ундан фойдаланмоқчи бўлгансиз, ҳозирча пул бўлса бор, бироз даврон сурай дегансиз”, кабиларни айтсангиз ҳам барибир бу бечора адолат, лафз, омонат йиғлаб қолаверади. Унинг устидан эса хиёнат кулиб юраверади. 

Энди бу масалани чуқур ўйлаш керак, ўйлаганда ҳам кўпчилик бўлиб, гина-кудратни унутиб, хафа бўлиб қолиш ўйинини унутиб, бугунки кунда шу ижтимоий муаммо даражасига кўтарилган масалани бутун бир жамоатчилик бўлиб ўйлаш шарт...

Нега? Чунки ҳамма ҳам юқоридаги мақсадлар билан кўчмас мулкни бировнинг номига олмаган. 99 фоиз ҳолатда пропискага эҳтиёж сезилганидан, ишга кириш учун прописка керак бўлганидан, фарзандлари пойтахтда ўқиши учун уй-жой керак бўлганидан олган бу мулкларни.

Тўғри, солиқ декларациясидан қочиб, маблағларни легаллаштириш ва бошқа асослар билан ҳам уй-жойларни бошқалар номига олиб, кейин мажбур бўлиб судга даъво қилиш ҳолатлари ҳам бор. Бугунги мавзу эса бу эмас.

Агар Тошкент шаҳридаги иккиламчи уй бозоридан бировнинг номига олинган уй-жойларни кимлар томонидан олинганини таҳлил қилсак, биринчи ўринда четда оиласи учун ишлаб, пул топаётган мигрантларимиз ҳиссасига тўғри келганини кўриш мумкин. Кейинги ўринда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва маълум маблағи бор-у, пропискаси йўқ юртдошларимиз, шунингдек, турли вилоятлар миқёсидаги катта-кичик, собиқ ва бошқа давлат хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ҳамда уларга яқин кишиларнинг ҳиссасига тўғри келади.

Яна бир гап, бундай мулкларни қариндоши, дўсти, таниши ва ҳоказолари учун минг хижолат билан ўз номига расмийлаштиришга мажбур бўлган, виждонан қайтариб берган ва қайтиб бераётган, қайтариб бера олмай ҳақиқий мулкдорнинг ортидан ҳозиргача чопиб юрган инсоф-диёнатли, ҳалол-пок, омонатга хиёнат қилмайдиган юртдошларимиз ҳам кўп.

Аммо мана шундай омонат мулкни билиб-билмай ёки мажбур бўлгани ҳолда қайтариб бермаётганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Бунга судларда чиқарилган ва чиқарилаётган бир неча ўнлаб қарорлар гувоҳ. 

Тасаввур қилинг, даъвогар “Фалончининг номида бўлган ўз мулкимни олиб беринг” деган даъво ариза билан судга мурожаат қилган. Агар судья қарор қабул қилса, содда қилиб айтганда, даъвони қаноатлантиришни 99 фоиз фоиз ҳолатда рад этади. Қайси асослар билан? Асос шуки, Ўзбекистон Конституцияси, Фуқаролик кодекси, шунингдек, “Хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартиб бўйича нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси ва давлат руйхатидан ўтказилган гувоҳнома билан бировнинг номига олинган мулк сиз айтган “фалончи”га тегишлидир.

Шундай экан, бу низоларда ФИБ судларда одил судлов, аввало, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Амалиётда жавобгар буни исботлайди – ўша сизнинг маблағингизга олинган уй-жой юзасидан ўзининг номига тузилган ва расмийлаштирилган олди-сотди шартномани олиб келади, шартномадаги бу имзо меники, мулкни мен сотиб олганман дейди, нотариус ҳам келиб буни тасдиқлайди.

Даъвогарчи? У жавобгарга қараб: “Бунчалик ўзгарганингга ҳайрон қоламан, омонатга хиёнат қилма, лафзинг борми?” дейди. 

Бироқ суднинг ҳал қилув қарори қонуний, тўғри ва албатта асосли бўлиши керак. Асос эса далиллар билан исботланади. Бир нарсани ҳеч қачон ёддан чиқарманг, бундай низоларда мақбул далил олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат руйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжат асосида мулкнинг кимга тегишли эканидир.

Аммо даъвогар: “Суд қарори адолатли бўлиши керак, мен бу қарордан норозиман” дейди.

Бунда фуқаро ўз мулкини, маблағини ўз қўли ва ихтиёри билан бошқаларга бериб қўйгани ҳолда ҳамма ҳам омонатга хиёнат учун бериладиган жазони доим ёдда тутавермаслиги, омонатга хиёнат учун бериладиган Ҳақ жазосининг юкини англаб ола билмаслигига тан бермаган ҳолда, суддан суднинг имконияти доирасида бўлмаган муждани жой-жойига қўйиб беришни талаб қилмоқда.

Гарчи адолатсиз бўлса ҳам қонунларни четлаб ўтишга ҳаракат қилманг, чунки қонун агар у кучда бўлса, барча учун бирдай мажбурий тартибларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Шундай экан, ҳурматли даъвогар, аввало, соддалигингиз, ишонувчанлигингиз, қонунга амал қилмаганингиз жабрини фақатгина сиз ва яқинларингиз кўришини, реал ва ҳушёр ҳолатда тушуниб етишингиз аввало ўзингизга фойдалидир.

Шу ўринда, бошқа ортиқча ишончларга ишонманг демоқчи бўламан-у, аммо хулоса яна ўзингиздан.

Нуриддин Муродов,
судья

Мавзуга оид