Ўзбекистон | 13:08 / 28.10.2021
837
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қарздор ота фарзандлари вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 132 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида қарздор ота фарзандлари вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 132 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 27 июндаги қарорига асосан қарздор А.Х.дан ундирувчи Ш.Р.га бир нафар фарзандининг таъминоти учун даромаднинг тўртдан бир қисм миқдорда алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Пахтачи туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга асосан қарздорнинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.

Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари қарздор А.Х. билан суҳбат ўтказган. Унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзанди вояга етгунига қадар бўлган муддат учун ҳисобланган 132 миллион 477 минг сўмни тўлаб берган. Шундан сўнг томонларнинг розилиги билан мазкур суд ҳужжати қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан тамомланган.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид