Ўзбекистон | 22:16 / 28.10.2021
3132
2 дақиқада ўқилади

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилади

Сурхондарёда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилади. Бу ҳақда бугун 28 октябрь куни Шавкат Мирзиёев томонидан тегишли қарор имзоланган.

Қарорда ёзилишича, Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан, мева ва сабзавотлардан юқори ҳосил олиш, илғор, интенсив агротехнологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш учун замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилади.

Қайд этилишича, Термизда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида янги ОТМ — Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ташкил этиш таклифи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан берилган.

Институтда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда талабалар учун ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади.

Институтда 2022 йилда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан талабалар, магистрлар ва илмий изланувчилар ҳамда ёш профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмалари асосида лойиҳалар стартапларини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланувчи “IT-инкубатор” илмий инновацион маркази ташкил этилади.

Институтда 1 та янги бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 8 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Хусусан, доривор ўсимликлар, ўсимликларнинг ҳимояси, селекция ва уруғчилик, сабзавотчилик ва полизчилик, шоличилик, агрокимё, агрономия каби мутахассисликларда кадрлар тайёрланади.

Институтни бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2021 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағлари доирасида амалга оширилади. 2022 йилдан бошлаб эса давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Институт фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид