Жаҳон | 09:41 / 28.10.2021
9047
2 дақиқада ўқилади

Туркия яна бир давлатга ўзининг Bayraktar дронларини экспорт қилади

Туркиянинг Baykar компанияси Bayraktar ТB2 зарбдор дронлари экспорт қилинувчи давлатлар сони яна биттага ошганини маълум қилди.

Фото: AFP

“Биз яна бир давлат билан Bayraktar TB2 SIHA’ни етказиш бўйича шартнома туздик”, деб маълум қилинган компанияда.

Хабарда дронлар экспорт қилинадиган давлатлар сони 13 тага етгани маълум қилинган. Бироқ бу қайси давлат эканига аниқлик киритилмаган.

Ўтган ҳафта Қирғизистон бош вазири ўринбосари Қамчибек Ташиев Бишкек Туркиядан Bayraktar, Россиядан эса “Орлан 10Е” разведка дронларини сотиб олишни режалаштираётганини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда қирғиз ҳарбийлари дрондан фойдаланиш бўйича Туркияда ўқитилмоқда. 

Маълумотларга кўра, Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлатлари ичида турк дронларини сотиб оладиган биринчи давлат бўлади. 

Бунгача Bayraktar TB2 Озарбойжон томонидан сотиб олинган ва 2020 йил кузида Тоғли Қорабоғдаги ихтилоф вақтида қўлланган.  

Шу йил сентябрида эса Bayraktar Туркманистоннинг 30 йиллиги муносабати билан Ашхободда ўтган парадда намойиш қилинган.

26 октябрда украиналик ҳарбийлар Bayraktar Донбассдаги ҳарбий амалиёт ҳудудида илк бор қўлланганини маълум қилишган.

Украина 2019 йилда ўз қуролли кучлари учун Туркиянинг Roketsan компаниясининг юқори аниқликдаги MAM-L авиабомбалари билан қуролланган Bayraktar TB2 дронларини сотиб олган. Шартнома қиймати ва тафсилотлари расман маълум қилинмаган. Бироқ очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, шартнома қиймати 69 млн долларни ташкил қилган, Украинага 6 та дрон, 2 та бошқарув станцияси, 200 дона ракета ҳамда эҳтиёт қисмлар етказиш кўзда тутилган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид