Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1-5 ноябрь кунлари Ўзбекистонда синов тариқасида аҳолини онлайн рўйхатга олиш ўтказилади
Давлат статистика қўмитаси таклифи билан Ўзбекистон аҳолисини кенг кўламли рўйхатга олиш тадбирлари олдидан Интернет тармоғи орқали аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш ўтказилади. Kun.uz билан гаплашган қўмита матбуот котиби асосий тадбир олдидан синов ва тайёргарликлар БМТ тавсияларига асосланганини маълум қилди.
Аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш жорий йилнинг 1-5 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Онлайн тадбирда census.stat.uz ҳаволаси орқали Ўзбекистондаги ва хориждаги барча фуқаролар ихтиёрий қатнашиши мумкин.
«Онлайн рўйхатга олиш натижалари эълон қилинмайди. Рўйхатга олиш давомида фуқаролар саволларга жавоб бериб, маълумотларини киритиши билан бир қаторда ўз эътироз ва таклифларини ҳам ёзиб қолдириши мумкин. Шу асосда биз асосий тадбирга тайёргарликни такомиллаштириб борамиз», – деди Kun.uz билан гаплашган Давлат Статистика қўмитаси расмийси.
Ўзбекистонда аҳолини кенг кўламли рўйхатга олиш ишлари дастлаб 2022 йилда ўтказилиши маълум қилинган эди. Лекин кейинроқ пандемия муносабати билан бу муддат 2023 йилга қолдирилди.
Қўмита расмийсига кўра, рўйхатга олиш тадбири 2023 йил ноябрь ойида бўлиши режалаштирилган. Ушбу тадбир фақат аҳоли сонини билиш билан чекланмайди, балки унда аҳолига доир 80 дан ортиқ турли маълумотлар йиғилиши назарда тутилган. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг республика ва ҳудудлар даражасида якуний натижаларини олиш муддати 2025 йил 1 декабрь этиб белгиланган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Ўзбекистон ҳудудида биринчи умумий аҳолини рўйхатга олиш 1897 йилда ўтказилган бўлиб, аҳоли сони 3,9 млн кишини ташкил этган. Кенг кўламли бундай охирги тадбир 1989 йилда амалга оширилган.
Шунингдек, қўмита 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолиси сони 35 миллион 79,2 минг кишини ташкил этишини билдирган эди.
Маълумот учун, халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш қуйидаги муҳим тамойилларга асосланади:
1. Аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг қатъий марказлаштирилиши ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказишнинг асосий шартларидан биридир.
2. Аҳолини рўйхатга олишнинг мунтазамлиги. БМТ тавсияларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда камида бир маротаба ўтказилиши белгиланган.
3. Аҳолини рўйхатга олиш махсус тайёрланган мутахассислар – ҳисобчилар томонидан ўтказилиши. Мазкур тадбирни амалга ошириш учун кўп миқдорда махсус ходимлар ёлланади, уларнинг таркибига зиёлилар, талабалар ҳам киритилиши мумкин.
4. Аҳолини рўйхатга олишни аниқ бир муддатда ўтказиш.
5. Бу тадбирни амалга оширишга одатда 10-12 кун талаб этилади. Аҳолини рўйхатга олиш бир неча кун давомида ўтказилса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда – кўпинча аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи кунининг 0 соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти, деб ҳам аталади. Масалан, чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин туғилган бўлса, у аҳоли рўйхатига киритилмайди. Лекин кимдир бу аниқ нозик муддатда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли рўйхатига киритилади.
6. Аҳолини рўйхатга олишнинг белгилаб қўйилган аниқ дастурининг мавжудлиги ва тадбирни унга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш. Аҳолини рўйхатга олиш дастури – рўйхатга олишда муайян талабларни ҳисобга олган ҳолда, аҳолига мурожаат қилинадиган саволлар рўйхатини, маълумотларни қайд этиш, тўплаш, қайта ишлаш, якуний маълумотларни эълон қилиш тартибларини ўз ичига олади.
7. Аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши. Аҳолини рўйхатга олишда кимдир унутиб қолдирилиши ёки икки марта рўйхатга олиниши ҳоллари учраса ҳам, мавжуд аҳолининг рўйхатдан жой олинишини таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади.
8. Маълумотларнинг махфийлиги ва шахсийлаштирилиши. Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.
9. Шахс тўғрисидаги маълумотлар сўралаётган (респондент)нинг жавоблари (кичик ёшдагилар учун – ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босадиган шахслар) асосида қайд қилинади ва буни ҳужжат билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Мавзуга оид
10:40 / 28.05.2025
Олий таълим ташкилотларида қанча талаба таҳсил олаётгани айтилди
11:13 / 27.05.2025
Қайси ҳудудда энг кўп никоҳ қайд этилгани айтилди
13:07 / 26.05.2025
34 йилда умумий ўрта таълим ташкилотлари сони қанчага ошгани айтилди
11:21 / 23.05.2025