Ўзбекистон | 14:53 / 29.10.2021
15234
3 дақиқада ўқилади

Зарафшон дарёсидаги балиқлар заҳарланиши ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Зарафшон дарёсида «Навоийазот»дан чиққан чиқиндилардан оммавий заҳарланиш рўй бериши туфайли балиқларнинг нобуд бўлгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан юзасидан Жиноят кодексининг 196-моддаси (Атроф табиий муҳитни ифлослантириш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Ушбу ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан тегишли соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда кенг қамровли текширув ўтказилди. Бу жараёнда саноат корхоналаридан Зарафшон дарёсига оқизилган чиқинди сувлар таркиби ва нобуд бўлган балиқларда махсус лаборатория ва экспертиза таҳлиллари ўтказилиб, тегишли хулосалар олинди ва бошқа ҳолатлар атрофлича ўрганилди.

Текширув натижалари Зарафшон дарёсига азот аммоний, нитрит ва бошқа кимёвий моддалар меъёридан ортиқча миқдорда оқизилганлиги оқибатида дарёдаги кўплаб балиқлар нобуд бўлганлигини кўрсатди.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жорий йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 196-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Навоий вилояти прокуратураси хабарида.

8 октябрь куни Экология қўмитаси «Навоийазот» АЖ томонидан Зарафшон дарёсига ҳаёт учун хавфли бўлган моддалар оқизилгани, оқибатда дарё суви заҳарланиб, кўплаб балиқлар нобуд бўлгани ҳақида хабар берганди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан ўтказилган тадқиқотда Зарафшон дарёси сувида азот аммоний белгиланган меъёрлардан 21 маротаба, азот нитрат 2,6 маротаба, азот нитрит 60 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 2,1 маротаба юқори экани ва бу дарёда ёппасига заҳарланиш юзага келишига сабаб бўлганини кўрсатган.

Давлат экология қўмитаси раҳбари ўринбосари Исломбек Боқижонов Kun.uz'га «Навоийазот» дарёга зарарли модда оқизиши оқибатида айни дамга қадар аниқланган зарар 4 миллиард сўмдан ортиқ бўлиши мумкинлигини айтган. Қайд этилишича, дарёда мингдан ортиқ балиқ нобуд бўлган, улар орасида «Қизил китоб»га киритилган турлар ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилоят прокуратураси 28 октябрь куни ЖКнинг 196-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиб, дастлабки тергов ҳаракатларини бошлаганди. Ишни ўрганган Бош прокуратура хулосасига кўра зарар миқдори қарийб 5 млрд сўм экани, мазкур ҳолат учун «Навоийазот» АЖ жавобгар сифатида жалб этилиши айтилганди.

Мавзуга оид