Ўзбекистон | 12:57 / 30.10.2021
1792
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда МИБ вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текширувларида 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди

Сурхондарё вилоятида жорий йил 9 ой давомида МИБ вилоят бошқармаси томонидан 17та хизмат текшируви ўтказилган. Уларнинг натижасига кўра 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Бу ҳақда 2021 йил 29 октябрь куни МИБ вилоят бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.

Маълум қилинишича, МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан 2021 йил 9 ойи мобайнида 62 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан 17та хизмат текшируви ўтказилган. Уларнинг натижасига кўра, 53 нафар ходим ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан қараб, «Касб одобномаси» талабларига риоя қилмагани ва ножўя хатти-ҳаракатлар содир этгани аниқланган.

Шундан 9 нафар ходимга ҳайфсан, 8 нафар ходимга жарима интизомий жазоси қўлланиб, 3 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 1 нафар ходим МИБ органларидан ишдан бўшатилган, 9 нафар ходим аввалги жазоси билан чегараланган, 23 нафари эса огоҳлантирилган.

Шунингдек, 169 марта профилактик тадбирлар амалга оширилиб, 102 нафар ходим билан индивидуал тартибда профилактик суҳбат ўтказилган.

Хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган ва «Касб одобномаси» талабларига риоя қилмаган жами 68 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган. Ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарган 110 нафар ходимнинг 2 нафари Бош прокурор томонидан, 32 нафари МИБ директори томонидан ҳамда 76 нафари бошқарма бошлиғи томонидан рағбатлантирилган.

Мавзуга оид