Жаҳон | 12:19 / 31.10.2021
5672
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 3D-принтерда босиладиган юзлаб уйлардан иборат туман барпо этилади

Техас штатининг Остин шаҳрида 3D-принтерда босиладиган юзлаб уйлардан иборат туман барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳа дунёда ушбу турдаги энг йирик лойиҳа бўлиши кутилмоқда.

Фото: ICON

Лойиҳа устида Lennar Group ва Техасда 7 кун ичида 3D-принтерда босилган коттежлардан иборат кўчани ва Марсдаги ҳаётни имитация қилувчи астронавтлар яшаш жойи Mars Dune Alpha’ни барпо этган ICON компаниялари ҳамкорлик қилмоқда.

Лойиҳа устида ишлар 2022 йилда бошланади. Бунинг учун Lavacrete (бетон қоришма) деб номланган қурилиш материали ва сониясига 25,4 см (10 дюйм) тезликда босувчи роботлаштирилган тизим қўлланади.

Фото: ICON

ICON бош директори Жейсон Балларднинг таъкидлашича, АҚШда 5 млнта янги уйга эҳтиёж мавжуд бўлиб, унинг компанияси бу уйларни “сифат, барқарорлик ва нафисликка зарар етказмаган” ҳолда тез суръатларда қура олади.     

Остинда янги туманни лойиҳалаштириш билан архитекторлар ва дизайнерлар жамоаси шуғулланмоқда. Уйлар бир оилага мўлжалланади ва ҳар бир уй бошқасига ўхшамаган бўлади.

Фото: ICON

Бундан ташқари, уйлар энергия самарадор бўлади ва уларнинг қурилиши жараёнида кам чиқинди чиқади. Уйларда фотоэлектрик томлар ўрнатилади, бунинг эвазига улар марказлашган энергия таъминотидан мустақил бўлади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид