Жамият | 13:46 / 31.10.2021
27837
7 дақиқада ўқилади

Кир ювиш машинасидаги ёқимсиз ҳиддан қандай халос бўлиш мумкин?

Машинада моғор пайдо бўлганида ундан ёқимсиз ҳид келади. Ундан халос бўлишни сантехниксиз ҳам уддаласа бўлади.

Ёқимсиз ҳиднинг сабаби нимада?

Бундай ҳиднинг сабаби моғор экани юқорида айтиб ўтилди. Бу кирлар олд тарафдан солинадиган машиналарга хос. Кирлар вертикал юкланадиган машиналарга бир цикл учун сув камроқ сарфланади. Автомат кир ювиш кукунини йўриқномада айтилган миқдорда солсангиз, бари кўнгилдагидек кечади. Бироқ кукунни кўпроқ солсангиз ёки қўлда ювиш учун мўлжалланган кукундан фойдалансангиз, кўп кўпик ҳосил бўлади. Машина эса уни тўлиқ чайиб ташлолмайди. Натижада барабан ва эшик атрофидаги резинада кўпик қолдиқлари қолиб кетади. Унга эса кийимлардаги чанг ва кирлар ёпишади. Илиқ ва нам муҳитда бу аралашма бактерия ва замбуруғлар кўпаядиган жойга айланади.

Ёқимсиз ҳиднинг яна бир сабаби – сувни тўкиш шланги ёки канализация трубасида турли чиқиндилар тиқилиб қолиши мумкин. У кир сув оқиб кетишига халақит қилади ва сув кир ювиш машинасида қолади. Намлик моғор кўпайишига ҳисса қўшади.

Кир ювиш машинасидаги ҳидни қандай йўқотиш мумкин?

Агар моғор ҳиди кийимларингизга ўтишини истамасангиз, техникани тозаланг. Бу жуда осон.

1-қадам: Кир кийим ва кукунсиз сервис ювишни амалга оширинг

40 даража ҳароратда кир ювсангиз, моғор ва бактериялар ўлмайди. Шунинг учун бир ойда бир марта кир кийимлар ва кукунсиз сервис кир ювишни амалга оширинг. Машинадан фойдаланиш йўриқномасини ўқинг. Ишлаб чиқарувчи бундай сервис ювишда қандай циклдан фойдаланиш ҳақида ёзган бўлиши мумкин. Агар ёзилмаган бўлса, максимал ҳароратдаги энг узоқ режимда ювинг. Ана шунда барабан ва сувни оқизиб юбориш шлангини тозалаб оласиз. Кимёвий восита ўрнига уйда бор нарсалардан ҳам фойдаланиш мумкин:

  • Сода ва сирка. Ярим стакан сувга шунча миқдорда сода солиб, аралаштиринг. Ҳосил бўлган эритмани ювиш воситаси учун мўлжалланган жойга қуйинг. Машина барабанига эса 2 стакан сирка қуйинг.
  • Лимон кислотаси. Бир стакан гранулали кислотани машина барабанига сепинг. Сервис кир ювиш жараёнидан кейин кислота қолдиқларини ювиб ташлаш учун чайиш режимини ёқинг.
  • Оқартирувчи восита. Кукун солиш жойига 60 мл дан кўп бўлмаган миқдорда суюқлик қуйинг. Ювиш воситаларини қўшманг, бу машинани ишдан чиқариши мумкин. Сервис кир ювиш жараёнидан кейин барабандан оқартирувчи восита ҳиди келади. Жараённи ҳеч қандай восита солмаган ҳолда яна бир марта такрорланг.

2-қадам: Резинали манжетни артинг

Сув, ювиш воситаси, кийимлардаги туклар манжетда қолиб кетади. 1:1 пропорцияда истеъмол содаси ва сувни аралаштиринг. Қўлингизга қўлқоп тақиб, эритмада матони ҳўлланг ва резинани яхшилаб артинг. Қўл етиши қийин бўлган жойларни артиш учун резинани барабандан озгина тортинг. Яхшилаб артилгандан кейин ҳам резинада доғлар кўринса, бу моғор бўлиши мумкин. Манжетни алмаштириш ҳақида ўйлаб кўринг.

Фото: ReaLiia/Shutterstock

3-қадам: Ювиш воситалари учун мўлжалланган жойни ювинг

Кир ювиш воситаси солинадиган қутичани чиқариб олинг ва кўпикли сувга солиб қўйинг. Сўнгра уни нам мато билан артинг. Агар моғор ёки кукун қолдиқлари қолиб кетса, унга ювиш воситаси, масалан, оқартирувчи воситани қуйинг ва эски тиш ювиш чўткасида ишқаланг. Кейин эса қутичани сув билан яхшилаб ювинг.

Фото: Nadezhda Mikhalitskaia / Shutterstock

Қутича турадиган корпусни ҳам тозалашни унутманг. Унинг юқорисида сув етказиб берувчи тешиклар бор. Айрим ҳолларда улар моғор билан тўлган бўлади. Моғорни чўтка ёрдамида олиб ташланг.

4-қадам: Сувни чиқариш насос фильтрини тозаланг

Машинани розеткадан узиб, фильтрни топинг. Ушбу деталь олд тарафда пастки қисмда жойлашган ва кичик қопқоқ билан беркитилган. Ўша қопқоқни очиб, машина остига мато қўйинг. Энди эса фильтрни бурашингиз мумкин. У турган тешикдан сув оқиб кетади. Сув оқиб кетгач, детални сув билан тозаланг. Унда соч толалари ва иплар бўлиши мумкин. Ушбу тозалаш жараёнини бир ойда бир марта ўтказиш керак.

Фото: Elena Loginova / Shutterstock

5-қадам: Тиқилиш ҳолатларини бартараф қилинг

Агар аввалги қадамлар ёрдам бермаган бўлса, шлангни текширинг. Сервис кир ювиш жараёнидан кейин ҳам унда тиқилиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Масалан, бу соч толалари бўлиши мумкин.

Шлангни кир ювиш машинасидан узиб, челакка солинг, у ердан сув оқиб кетади. Деталнинг бошқа томонини қувурдан узинг. Шлангни кранга улаб, сувни очинг. Сув чиқиндини ташқарига чиқариб юборади.

Агар шлангни тозалаш ҳам ёрдам бермаса ва қувурда тиқилиш бўлса, сантехникни чақиринг.

Машинада ҳид яна пайдо бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

Агар машинани тез-тез тозалаб туришни истамасангиз, ҳидланишнинг олдини олишга ҳаракат қилинг. Буни бир неча усул ёрдамида амалга ошириш мумкин.

Кир ювиш кукунини тўғри танланг

Яна бир марта такрорлаймиз: кирлар олд қисмдан солинадиган машиналар кўпик кўп бўлишини кўтара олмайди. Автомат ювиш учун мўлжалланган кукунни харид қилинг ва йўриқномасини ўқинг. Ишлаб чиқарувчилар одатда бир цикл учун қанча кукун солиш кераклигини ёзган бўлади.

Барабанни қуруқ ҳолда сақланг

Эшиги ёпиқ ва нам машина – бактериялар кўпайиши учун қулай муҳит. Шунинг учун кирларни ювиб бўлгач, кийимларни машина ичидан олинг. Барабан ва кукун солиш жойини очиқ ҳолда сақланг. Ана шунда техника тезроқ қурийди. Имкони бўлса, хонага вентилятор ёки ҳаво қуритгич қўйинг.

Резинали манжетни мунтазам артиб туринг

Тўғри танланган кукун ҳам резинада турли қолдиқлар тўпланмаслигига кафолат бермайди, улар туфайли эса моғор пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар бир ювиш жараёнидан кейин манжет бурмаларида йиғилган чиқиндини олиб ташлаб, уни қуруқ мато билан артиш керак. Бир ойда бир марта сода ва сувли эритмадан фойдаланиш мумкин.

Лайфхакер сайтидан таржима қилинди.

Мавзуга оид