Жаҳон | 17:03 / 01.11.2021
5544
3 дақиқада ўқилади

Оксфорд луғати “Vax” сўзини йил сўзи деб эълон қилди

Дунё миқёсида эмланиш асосий масалага айланган 2021 йилда vax, double-vaxxed, unvaxxed ва anti-vaxxer каби сўзларнинг ишлатилиш даражаси мисли кўрилмаган даражада ортиб кетди.

Фото: OxUniPress

Оксфорд инглиз тили луғати “Vax” сўзини 2021 йил сўзи деб топди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Луғат муҳаррирларининг айтишича, 2021 йилда вакцинага доир “double-vaxxed” (икки марта эмланган), “unvaxxed” (эмланмаган) ва “anti-vaxxer” (эмланишга қарши) сўзлари ҳам муомалага жуда фаол кириб келган.

Оксфорд инглиз тили луғати бош муҳаррири Фиона Макферсоннинг айтишича, “вакс” сўзи камида 1980 йилларга бориб тақалади, бироқ у жорий йилга қадар камдан кам қўлланган

“Vax” ва “vaxx” ёзувдаги умумқабул қилинган вариантлар саналади, бироқ битта “x” қўлланувчи шакли кўпроқ учрайди.

Таъкидланишича, жорий йилда “пандемия” сўзини қўллаш ҳам 57 минг фоиздан ортиқ кўрсаткичга ортган.

Oxford English Dictionary'дан ташқари, Collins ҳам ўзининг йил сўзини аниқлайди. 2020 йилда Collins “lockdown” (локдаун) сўзини танлаганди.

Oxford эса 2020 йил жуда кўп ҳодисаларга бой бўлганини таъкидлаб, бир неча янги сўзларни йил сўзлари деб топганди. Булар: “lockdown” (локдаун), “bushfires” (ўрмон ёнғинлари), “Covid-19”, “Black Lives Matter” (Қора танлиларнинг ҳаёти муҳим), WHF (“working from home” – уйдан ишлаш), keyworkers (“асосий ходимлар”), “furlough” (вазият тақозоси билан ходимга мажбуран берилган таътил).

2021 йилда Oxford томонидан йил сўзи деб топилган “vax” 1799 йилдаги инглизча манбаларда илк марта учрайди.

Бу сўз лотин тилидаги “vacca” сўзидан келиб чиққан бўлиб, сигир маъносини билдиради. Оксфорд инглиз тили луғатига кўра, бу инглиз врачи ва олими Эдвард Жаннернинг енгил инфекция – сигирларда учрайдиган чечакни қўллаган ҳолда чечакка қарши вакцина яратиш устида тажрибалар ўтказгани билан боғлиқ.

Oxford Languages маълумотига кўра, лойиҳанинг тил ресурси 14,5 миллиард сўздан иборат. Бу база ҳар куни янгилаб борилади.

Мавзуга оид