Ўзбекистон | 16:11 / 02.11.2021
3758
2 дақиқада ўқилади

Бухорода Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бухоро шаҳрида Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Президент мактаби ўқувчилари, нуронийлар ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова қатнашиб, нутқ сўзлаган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

2019 йилнинг март ойида қурилиши бошланган Президент мактабида икки гектар ҳудудда замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, уч қаватли ётоқхона, барча шароитларга эга меҳмонхона, гимнастика ва спорт заллари, сув ҳавзаси, ошхона ва дарс тайёрлаш хоналари барпо этилди. Таъкидланишича, мактабда ўқув жараёни Cambridge Assessment таълим ташкилотининг дастури асосида олиб борилади. Маҳаллий ўқитувчилар билан бир қаторда Буюк Британия, Янги Зеландия, АҚШ каби хорижий давлатлардан юқори малакали ўқитувчилар таклиф этилган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, мазкур Президент мактабига 2021-2022 ўқув йилида ўқиш истагини билдириб 6 минг нафардан ортиқ талабгор ҳужжат топширган ҳамда икки босқичли синовда улардан 144 ўқувчи саралаб олинган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид