Жаҳон | 07:56 / 02.11.2021
33778
6 дақиқада ўқилади

Кўмирга қарши келишув, Путинсиз ва ҳайратлар билан. G20 йиғилиши қандай ёдда қолди?

Деярли 2,5 йиллик танаффусдан кейин дунёнинг энг йирик иқтисодиётга эга 20 давлатидан иборат G20 (Group of 20) гуруҳи яна йиғилди. Охирги марта давлат раҳбарлари 2019 йил ёзда Осакада учрашган эди. Кейинги иккита саммит эса коронавирус чекловлари сабаб видеоконференция кўринишида ўтказилди. Узоқ куттирган Римдаги учрашув айтарлича самарали бўлмади.

Фото: CNN

Аввало Римдаги йиғилишда худди келишиб олгандек Россия ва Хитой етакчилари ташриф буюрмаганини айтиш керак. Путин ва Си Цзиньпин олдинроқ Душанбедаги ШҲТ йиғилишида ҳам «захирада қолиб», онлайн иштирок этганди. Бу гал «дарс қолдирганлар» сафини Саудия Арабистони ҳам тўлдирди. АҚШ президенти Жо Байден икки йирик давлат иштирок этмаганига ишора қилиб, иқлим ўзгаришлари бўйича «Россия ва Хитой қилганини такрорламасангиз, кифоя» деб киноя қилди.

Чиндан, Путин, Си Цзиньпин ва Саудия қиролининг G20 йиғилишида иштирок этмагани кутилмаган ҳолат бўлди. Чунки дунё сиёсатидаги элит қатлам бу қадар кенг таркибда анчадан буён йиғилмаганди. Масалан, Римда Ангела Меркел Германия етакчиси сифатида охирги йирик тадбирида иштирок этди. Жо Байден эса уч ойлик танаффусдан кейин АҚШдан ташқарида учрашувлар ўтказди. Яъни, ҳамма катталарнинг ўзаро гаплашиб оладиган гаплари бор эди.

АҚШ олдинги президенти Дональд Трамп вақтида иқлим ўзгаришларига қарши кураш бўйича Париж келишувидан чиқиб кетганди. Ҳали президентликка келмай туриб мамлакат бу келишувга қайтишини айтган Жо Байден тахтга ўтирган куниёқ ваъдасини бажариб, келишувга қайтди. Римда ўтган G20 давлатларининг иқлим бўйича учрашувида Байден етакчиликни ўз қўлига олиб, «даврани бошқарди» ҳам. «Россия ва Хитой Римдаги саммитда деярли кўриниш бермади», деди Байден сўзга чиқар экан.

Байден иқлим бўйича музокараларнинг ягона яхши томони сифатида кўмирга нисбатан субсидияни тўхтатиш бўйича имзоланган келишувни келтирди. Римдаги учрашувдан аввал давлатлар электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланишни қисқартириш бўйича келишув имзолаши кун тартибига қўйилган, лекин бунга кўпчилик ҳам рози бўлиши қийин эди. Чунки катта давлатларда ҳамон кўмир энергия олиш учун ишлатилади, ҳамма ҳам ундан воз кечишга тайёр эмас. Кўмирнинг атмосферага зарари эса жуда катта.

Шундай бўлишига қарамай, давлатлар кўмир қазиб олишга субсидиялар ажратмаслик бўйича келишувга эришдилар. Бу борада Хитойнинг саммитдан аввал ҳужжатга розилик бергани барчасини енгиллаштирди. Чунки айнан Хитой кўплаб мамлакатларга кўмир билан ишлайдиган электростанциялар қуриб берар, бу келишувдан эса яхшигина зарар кўрарди.

Аммо 2015 йилдаги Париж келишуви бўйича глобал ҳароратни саноат даврига нисбатан 1,5 даражага пасайтириш бўйича конкрет режалар қилинмади. Глобал исиш ушбу нормадан ўтиб кетмаслиги учун давлатлар (камида 100 та йирик саноатлашган давлат) 2030 йилгача углерод чиқиндисини 45 фоизгача камайтириши керак. Аммо экспертлар 100 да давлатнинг режаларини ўрганган ҳолда улар кейинги 10 йилда бундай чиқиндиларни ҳавога учиришни 45 фоизга қисқартириш эмас, аксинча 16 фоизга ошириши ҳақиқатга яқин деган хулосага келган.

G20 давлат раҳбарлари Римдаги фавворага рамзий маънода 1 евролик танга отишди. / Фото: CNN

Углерод чиқиндиларидан қутулиш бўйича режалар ҳам конкрет эмас. Европа 2050 йилни, Россия ва Хитой 2060 йилни чегара қилиб белгилаган бўлса, атмосферани энг кўп ифлослантирадиган давлатлардан бўлган Ҳиндистон умуман бу борада ҳеч қандай масъулиятни гарданига олмаган. Бир нарсани унутмаслик керакки, G20 аъзоси бўлмиш давлатлар ҳиссасига бутун дунёда пайдо бўладиган чиқиндиларнинг 80 фоизи тўғри келади ва иқлим ўзгариши бўйича уларнинг режалари бутун инсоният ҳаётига таъсир қилади.

G20 давлатлари дунёдаги глобал исиш муаммосига ўзларини масъул деб ҳисоблаб, янги аср ўртасига келиб хавфли углерод чиқиндисини чиқариш бўйича нол кўрсаткичга эришиш, сайёрани яшиллаштириш каби режаларни ўз олдиларига қўйишди. Аммо бу режаларнинг барчаси мавҳум кўриниш олди.

Римдаги саммитдан БМТ бош котиби Антони Гутерриш ҳам умидсизлик билан қайтганини айтди. Одамлар углерод чиқиндиларини ҳавога оқизиш орқали ўзига қабр қазмоқда деб ҳисобловчи португалиялик сиёсатчи Римдаги иқлим бўйича учрашувларда ҳеч қандай аниқ келишувга эришилмаганидан афсусдалигини билдирди.

Камбағал давлатлар учун 100 миллиард доллар

Саммит мезбони бўлмиш Италия бош вазири Марио Драги 20 давлат камбағал давлатларга умумий 100 миллиард долларгача иқлим ўзгаришларига қарши кураш учун ёрдам бериш борасида келишувга яқин келганини айтди. Бу борада саммит якунида имзоланган ҳужжатда ҳам келтирилган. Яъни, 2025 йилгача G20 давлатлари камбағал давлатларга ҳар йили иқлим ўзгаришига қарши кураш учун пул бериб боради. Пуллар йиллик ажратиб борилади. Драги Италия бу борада кейинги 5 йилда харажатларини 5 баравар – 1,4 миллиард долларгача оширишини маълум қилди.

Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, дунё иқтисодиёти гигантлари 2009 йил Данияда ўтказилган иқлим бўйича йиғилишда ҳам 100 миллиард долларлик кўмак ҳақида келишувга эришган, аммо охир-оқибат бундай пуллар ажратилмай қолиб кетган эди. Аммо ҳозир иқлим ўзгаришлари, глобал исиш анча реал муаммога айлангани инобатга олинса, Байден бошчилигида пуллар чиндан ажратила бошлаши мумкин. Ахир дунё иқтисодининг 80 фоизи айнан G20 давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Йирик компаниялар учун «ов»

Римдаги саммитда АҚШнинг ташаббуси билан навбатдаги муҳим ҳужжат имзоланди. Унга кўра, эндиликда йирик трансмиллий компаниялар фойдасидан ҳам камига 15 фоиз солиқ тўлайдиган бўлди. Бу келишув барча аъзолар томонидан маъқулланган. АҚШда Facebook, Google, Amazon каби йирик компаниялар кам солиқ тўлаши ҳақида кўп гапирилади ва айни ҳужжат ташаббускори айнан АҚШ молия вазирлиги ҳисобланади. Вазирликнинг маълум қилишича, бу тарихий келишув йирик компаниялар ўз даромадларини офшорга чиқариб, яширишининг олдини олади ва улар кўпроқ солиқ тўлашидан оддий ишчилар ютади.

Мавзуга оид