Спорт | 11:31 / 02.11.2021
25433
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик боксчиларнинг ярмидан кўпи жаҳон чемпионатидан чиқиб кетди. Бугун 6 боксчи яримфинал учун жанг қилади

1 ноябрь куни Сербиядаги бокс бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонликлар жамоасининг тўрт нафар вакили рингга чиқди ва улардан икки нафари мағлубиятга учраб турнирни тарк этди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

-67 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Асадхўжа Мўйдинхўжаев турнирдаги учинчи жангида япониялик Севонрес Оказавага қарши рингга чиқди. Япониялик боксчи уч раундда ҳам устунлик қилди ва якунда ҳакамлар унинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди. Шу тариқа Асадхўжа Мўйдинхўжаев 1/8 финалда ўз иштирокини якунлади.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Мўйдинхўжаев аввалги босқичларда ирландиялик Брендон Маккивер ва фаластинлик Аҳмед Ҳарара устидан ғалаба қозонганди.

-75 кг вазн тоифаси вакили Саиджамшид Жаъфаровнинг турнирдаги учинчи рақиби озарбойжонлик Миршариф Казимзаде бўлди. Жаъфаров жангда тўлиқ устунлик қилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жаъфаров энди 2 ноябрь куни чорак финал доирасида таиландлик Верапон Жонгжоҳога қарши жанг олиб боради.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Жаъфаров аввалги босқичларда словакиялик Лукас Фернэтса ва япониялик Юито Маривакини мағлуб этганди.

-63,5 кг вазн тоифаси вакили Мужибилло Турсунов Хитой Тайпейи вакили Чу Ен Лаига қарши рингга чиқди. Ҳакамлар илк раундда Чу Еннинг устунлигини қайд этишди. Ўзбекистонлик боксчи аввалги жангида бўлгани каби ирода кўрсатиб, иккинчи ва учинчи раундларни ўз фойдасига ҳал қилди. Шу тариқа Турсунов жаҳон чемпионатидаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, мусобақанинг чорак финалига йўл олди. У 2 ноябрь куни ушбу вазн тоифаси фаворити, жаҳон ва Олимпия ўйинлари ғолиби бўлмиш кубалик Круз Гомезга қарши жангда яримфинал йўлланмасини қўлга киритишга уриниб кўради.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Турсунов турнирдаги иштирокини 1/16 финалда бошлаган ва илк жангида япониялик Тайга Иманагани 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди.

-80 кг кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Одилжон Аслонов навбатдаги жангини америкалик Робби Гонсалесга қарши ўтказди ва ҳакамлар қарорига кўра мағлуб бўлди. Аслонов дастлабки раунддан кейин олдинда бораётганди, бироқ кейинги раундларда унинг рақибининг ҳаракатлари яхшироқ баҳоланди - 2:3.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Аслонов турнирга 1/32 финалдан қўшилганди, аммо унинг танзаниялик рақиби Юсуф Чангалаве жангга чиқмаган ва Аслонов автоматик равишда кейинги босқичга йўл олганди. 1/16 финалда у италиялик Симоне Фиорини мағлубиятга учратганди, аммо у 1/8 финалда иштирокини тўхтатди.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоасининг турнирга олиб борилган 13 нафар вакилидан 7 нафари медаллар учун жанг қила олмайдиган бўлди - Аслонов ва Мўйдинхўжаевдан ташқари, Шаҳобиддин Зоиров (1/8 финал), Ҳасанбой Дўсматов (илк босқич), Шоҳжаҳон Абдуллаев (илк босқич), Миразизбек Мирзахалилов (илк босқич) ва Шаҳрам Ғиёсов (илк босқич) турнирни эрта тарк этганди.

Саиджамшид Жаъфаров ва Мужибилло Турсуновдан ташқари Нодиржон Мирзаҳмедов, Абдумалик Ҳалоков, Лазизбек Муллажонов ва Мадиёр Саидраҳимов чорак финалга етиб келган.

Кун давомида олти нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилади:

  • -48 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов — Темиртас Жуссупов (Қозоғистон) – 17:00;
  • -60 кг: Абдумалик Ҳалоков — Всеволод Шумков (Россия) – 17:50 дан сўнг;
  • -75 кг: Саиджамшид Жаъфаров — Випарон Жонгжохо (Таиланд) – 19:15 дан кейин;
  • +92 кг: Лазизбек Муллажонов — Давид Чалоян (Арманистон) – 20:15 дан сўнг;
  • -63,5 кг: Мужибилло Турсунов — Энди Круз (Куба) – 22:55 дан кейин;
  • -92 кг: Мадиёр Саидраҳимов — Льюис Уильямс (Англия) – 00:40 дан сўнг.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид