Ўзбекистон | 16:41 / 03.11.2021
6197
2 дақиқада ўқилади

Бензин нархига босим ўтказаётган «қора олтин» баҳосининг ошишига қайси омиллар таъсир кўрсатган?

Жорий йил бошидан сентябргача бўлган даврда Брент маркали нефт нархи 55 фоизга қимматлашган.

Фото: ingimage/vostock-photo

Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилда жаҳон нефт бозорида нархларнинг ўсиш тенденцияси кузатилган. Брент маркали нефт нархи 2021 йил бошидан сентябргача бўлган даврда 55 фоизга (1 баррел нефт учун 51 доллардан 79 долларгача) ошган.

Бунга қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган:

- нефтнинг энг йирик импортёри ҳисобланадиган Хитойда энергия муаммоларининг мавжудлиги ва табиий газнинг глобал тақчиллиги;

- жорий йилнинг август ойида АҚШнинг шарқий соҳилида юз берган тўфонлар таъсирида Мексика кўрфазида нефть қазиб олишнинг издан чиқиши ва АҚШдаги глобал захираларнинг кескин камайиши;

- нефтга бўлган талабнинг ўсиб бориши. OPEK ва Халқаро энергетика агентлиги томонидан жорий йилнинг сентябрь ойи бошида янгиланган маълумотларига кўра, нефтга талаб 2022 йилнинг иккинчи чорагига қадар кунига 100 миллион баррелдан ошади;

 - шимолий яримшарда совуқ киш келишининг кутилаётганлиги. “Америка банки” глобал таҳлилчиларининг прогнозларига кўра, кейинги 18 ой ичида нефтга бўлган талаб янада кучлироқ ўсиши (нефт нархи 1 баррел учун 100 АҚШ доллари даражасига кўтарилиши) мумкин;

- Европадаги газ захиралари камайишининг (захиралар ўн йил ичида энг паст даражага тушган) электр энергияси ишлаб чиқариш нархлари ошишига (Европада энергия нархининг кўтарилиши тўғридан тўғри нефт нархида акс этади) таъсири.

ОPEK ва Халқаро энергетика агентлиги нефт бозори жорий йилнинг охиригача пандемиядан олдинги истеъмол даражасига қайтмайди, деб ҳисоблашмоқда.

АҚШ Энергетика вазирлиги Брент нефтининг ўртача нархи 2022 йилда 66 доллар атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.

Мавзуга оид