Спорт | 21:42 / 03.11.2021
9417
11 дақиқада ўқилади

Жанжалкаш, телба, даҳо — Луис Суареснинг «Ливерпуль»даги ҳикояси

Англиянинг Goal.com нашри мухбири Нил Жонс мерсисайдликлар собиқ футболчиси Луис Суареснинг «Энфилд»да ўтказган даврлари хусусидаги мақолани тақдим этди. Уругвайлик форварднинг «Ливерпуль»га қарши ўйини олдидан қуйида мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фото: Getty Images

Ушбу мақолани ёзишимга Стивен Жеррард Суаресга ёзган хатнинг сарлавҳаси сабаб бўлди: «Мен бирга тўп тепган энг зўр футболчига»

Мерсисайдликлар афсонаси Кенни Далглиш ҳам Луис билан хайрлашув мактубида шундай деганди: «Ҳеч қачон ўзгарма».

Бу мактублар «Ливерпуль»нинг том маънодаги афсоналари томонидан битилган ва уларнинг эътирофидан шуни англашимиз мумкинки, Суарес ҳам «Энфилд»даги 3,5 йили орқали улар қаторидан ўрин ола билган.

Сен телбамисан ёки даҳо, Жеррард ва Далглиш сенинг мухлисларинг қаторини безаб турар экан, демак фаолиятингда қандайдир буюк ишларни амалга оширгансан.

Суарес жонажон шаҳрига бошқа жамоа либосида қайтмоқда. У 2019 йилда «Барселона» билан ҳам «Энфилд»га келган ва «Ливерпуль»нинг тарихий ғалабасини рақиб жамоа сафида кузатишга мажбур бўлганди. Лекин у ушбу мағлубиятдан у қадар тушкунликка тушмаслиги керак.

«Ливерпуль» мухлислари уларни ларзага солган футболчини унутишмайди ва тарихда Суаресчалик бу мухлисларни хурсанд қила олган афсоналар жуда кам. Ҳа, у 2014 йилда Каталонияга йўл олганида атиги биттагина медал ютишга эришганди. Ундан кейин мерсисайдликлар таркибида ҳаракат қилган бир қатор футболчилар ундан кўпроқ ўйин ўтказишга ва балки, кўпроқ голлар уришга муваффақ бўлишди. У 82та гол билан клуб тўпурарлари рўйхатида 22-ўринда турибди. Лекин Луис ливерпулликлар наздида энг суюкли афсоналар қаторида тилга олинади.

Фото: GOAL.COM

Жейми Каррагер: «У клуб тарихидаги энг кучли футболчилардан бири ва сўзсиз топ-5га киради. Луиснинг голлари ва ўйин услуби ҳайратланарли эди».

Ҳозир, кейин, доимо — Луис Суарес клуб тарихидаги энг яхши, энг ёмон ва энг безори футболчи. Интервьюларидан бирида Жо Коул «Ливерпуль» Суарес трансферини эълон қилганида, энг кўп қўрқувга тушган мен эдим, деб айтади.

«Қизиллар» уни «Аякс»дан харид қилиш учун 23 млн фунт-стерлинг беришади. У 4 мавсумда 111та гол уришга эришганди. Ўша пайтдаги «Ливерпуль» директори Дамиен Комолли клуб скаути Стив Ҳитчен Суареснинг «ПСВ» футболчиси Отман Баккални ўйин вақтида тишлаб олганлиги туфайли дисквалификацияга учраганидан огоҳлантирганини эслайди. Ўша пайтда Комолли Суарес ёки «Ньюкасл» ҳужумчиси Эндрю Кэрролдан бирини танлаши керак эди. У эса барчани ҳайратда қолдириб иккала футболчини ҳам харид қилади. Чунки, ўшанда ливерпулликлар Фернандо Торресни сотиб юборишганди.

«Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак, бу жуда ғалати эшитилади. Лекин ўшанда ростдан ҳам Кэрролнинг трансфери бизга ёрқинроқ кўринганди ва ундан умидимиз катта эди. У фаолиятини «Ньюкасл»да супер тарзда бошлаганди. Торресдан қолган 9-рақамни унга ишониб топширдик. Мелвудда (клуб машғулот базаси) эса 7-рақамли футболчи барчани ҳайратда қолдира бошлади», – дейди Комолли.

Фото: Getty Images

«Луис биринчи машғулотдаёқ барчамизнинг «тилимизни осилтириб қўйган. Эсимда, Жо Коул мендан қандай қилиб бунақа футболчини трансфер қилишни уддаладик, деб сўраганди», – дея эслайди Каррагер.

«Унинг жамоамиздаги илк машғулотидаёқ бошқача даражадаги футболчи бўлиб етишишини сезгандим. Ҳа, бизда Стиви (Жеррард) ва Карра (Каррагер) сингари кучли футболчилар бор эди. Лекин у ўзгача бўрондек кириб келди. У ростдан ҳам бошқача футболчи эди. Унга қараб шунчаки қойил, деб қўйгандим», – дея интервью берганди Коулнинг ўзи.

Ўша пайтда эндигина ёшлар жамоасидан катталар таркибига қўшилган Жэй Спиринг эса Суарес ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтганди: «Унинг биринчи машғулоти қандай футболчи эканлигини бизга маълум қилиб улгурганди. У ғолиб эди, у такрорланмас эди. Мен жуда бахтли футболчилар сирасига кираман. Фаолиятим давомида ҳам Торрес, ҳам Суарес билан тўп тепишга муваффақ бўлганман. Агар улардан бирини танлашим керак бўлса, иккиланмай Суаресни танлардим. У кунига 100 километр югурарди, унда иқтидор, хоҳиш, ғолиблик менталитети жам бўлган. У ҳеч қачон ўзгармайди ва доим ҳайратланарли ишларни амалга оширишда давом этади».

Суарес 31 январь санасида расман трансфер қилинган бўлса, 2 февралда «Сток Сити»га қарши беллашувда захира ўриндиғида қайд этилган. У иккинчи таймнинг 18 дақиқасида майдонга тушди. 16 дақиқа ўтиб эса мерсисайдликлар сафидаги илк голини уришга муваффақ бўлди. Дирк Куйт узатган тўпни қабул қилган Луис дарвозабон Асмир Беговични ҳам алдаб ўтди ва дарвозани ишғол қилди. Ўшанда ливерпуллик мухлислар «қирол Луиснинг орзудаги дебюти» деб куйлашган ва янги қаҳрамонларини яқиндан таниб олишганди.

У «Ливерпуль»га кўчиб ўтганидан сўнг, муттасил ўсиб борди. Ҳа, келганидаёқ жуда кучли ҳужумчи эди, ажойиб голлар урди. Лекин бир қатор голли вазиятларни ҳам кўкка совуриб турарди. Кейинчалик унда жамоага фойда келтириш аспектлари ривожланди. У Кэрролга ўзаро курашда ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Фото: Reuters

«У ҳамма билан уришиб чиққан, - деган эди Стюарт Даунинг. «У Жордан (Ҳендерсон) билан баҳслашиб қоларди. Даниэль Аггер билан ёқалашиб кетишига оз қолган. Улар ҳар машғулотда бир-бирларини аямай тепишарди. Суарес оддий машғулот ўйинида ҳам ютишни истарди, ёш болалардек жанжалкаш бўлган. Вақт ўтган сари у ҳиссиётларини бошқаришни ўрганди».

Жордан Ҳендерсон Суарес Барселонага кетгач ҳам, у билан боғланиб турарди. Лекин у ҳам Луисдан нафратланган даврларини ёдда сақлаб қолган. У «Сандерленд»дан трансфер қилинган ва ўзини кўрсатишни кўрсатувчи ёш йигитча эди. Суарес эса бу йўлда унинг энг катта рақиби бўлган.

«Ҳа, бир нечта машғулотларда Суарес қилган ишлар менга ёқмаган ва жаҳлим чиққан. У билан курашларимизда доим Луиснинг қўли баланд келарди ва мен ўзимни етарлича кучли эмасдек сезардим. Бу каби ҳолатлар 2-3 марта такрорлангач, мен портлардим. Уни майдонда ўлдиришга тайёр бўлардим.

Лекин айнан мана шу ғазаб туфайли ҳам, келгусида у билан яхши алоқаларни шакллантира олдим. «Сток Сити»га қарши беллашувда уни голли вазиятга чиқариб юбордим. Ўшанда жамоа етакчиси Лукас Лейва менга Луис билан яхши шериклар бўла олишимизни айтди. Мен унга яқинлаша бошладим», - деганди Жордан Ҳендерсон.

Стюарт Даунинг ўз интервьюсида Суареснинг Ивановични тишлаб олиш воқеасини ҳам эслаб ўтганди: «Биз бу ҳақида учрашув якунлангунига қадар билмаганмиз. Кейинчалик воқеадан хабар топиб унга қараганимизда, ҳа мен шундай қилдим, дегандек турарди. У ўзини бошқара олмай қолганди. Иванович шу куни унга қарши зўр ўйнади ва ҳар гал Суаресдан тўпни олиб қўяверди. У қилган иши учун афсусланганди. Бу — унинг менталитети. Ғалаба учун барча нарсага тайёрликнинг ёрқин ифодаси эди».

Ўшанда уни 10та учрашувга четлатиб юборишганди. Мавсумнинг сўнгги қисмида жамоасига ёрдам бера олмади. Келгуси мавсумларнинг дастлабки учрашувларида ҳам майдонга туша олмасди. У кетишга қарор қилди. Аввалига уни «Реал» билан боғлашди. ОАВнинг таъқибидан қутилиш учун Англиядан кетишга мажбур бўлди. Бироз вақт ўтгач, унга «Арсенал»дан 40 млн фунт-стерлингли таклиф бўлди. Лекин бу ливерпулликларни қониқтирмади. Улар таклиф қилинган суммани оширишни айтишди. «Арсенал» вакиллари эса 1 фунт қўша олишларини билдириб, ўзига хос кескин жавоб беришди ва бу келишув амалга ошмаслиги маълум бўлиб улгурди.

«Улар устимиздан кулишаётган эди. 40 млн фунт-стерлингга кўнмадик. Балки, лондонликлар 45 млн тўлаганда Суаресни сотган бўлишимиз мумкин эди», – деганди клубнинг эгаси Жон Ҳенри.

Фото: AP

Суарес ўша пайтларда жуда хафа эди. Чунки, Брендан Рожерс жамоа ЕЧЛга йўлланма ола билмаса, уни қўйиб юборишлари ҳақида ваъда берганди. 2012/2013 йилдаги Рожерснинг дебют мавсумида мерсисайдликлар 7-ўринни эгаллашди. У ваъдани бажаришларини сўраганида, уни машғулотлардан четлатиш билан қўрқитишди ва Суарес қолишга мажбур бўлди.

Луиснинг бўйсунишида жамоа сардори Стивен Жеррарднинг роли катта бўлгани барчага маълум. У яна бир йил қолишни, «Арсенал» бу қадар шошишга арзийдиган клуб эмаслигини айтади. Рожерс билан Жеррард ҳамроҳлигида кўришгач, у яна бир йил қолишга рози бўлади ва бу унутилмас воқеаларга сабаб бўлган йилнинг дебочаси бўлади.

У дисквалификация билан бошланган мавсумни Премьер-лига «олтин бутса»си ва кўплаб талқинларда мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида якунлади. «Ливерпуль»нинг энг сўнгги паллада чемпионликни бой бергани ҳам бунга тўсиқ бўла олмади.

Фото: Getty Images

«Мен ҳеч қачон бу қадар ажойиб футболчини кўрмагандим. У тўхтатиб бўлмас ҳужумчига айланганди», - деб эслайди «Ливерпуль» афсонаси Майкл Оуэн. Уругвайлик футболчи 37та учрашувда 31та гол, 14та ассист амалга оширганди. Тасаввур қиляпсизми?!

Суарес «Ливерпуль» учун борини беришга тиришди ва афсона сифатида клубни тарк этди. Унинг кетиши клуб мухлислари учун оғир бўлса-да, амалда тўғри қарор эди. У «Барселона»да муваффақиятини давом эттира олди. Аммо бу — бошқа ҳикоя.

Бугун Эль-Пистолерони «Энфилд»да ўзгача ўйин кутяпти. Ўз уйингда сени олқишлаган мухлисларни ранжитиш мақсадида ўйнаш… Биринчи марта бу унинг учун яхши якун билан тугамади. Бугун-чи?

Goal.com сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси.

Мавзуга оид