Иқтисодиёт | 14:54 / 03.11.2021
13250
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш 31 фоизга қисқарди, бензин ишлаб чиқариш бироз ўсган

2021 йилда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67,5 мингтага кам автомобил ишлаб чиқарилган. 2019-2021 йиллар оралиғида энг кам автомобил жорий йилга тўғри келади.

Фото: Статистика қўмитаси

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида 815,2 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун, 2020 йилнинг шу даврида 769,1 минг тонна ишлаб чиқарилган. Рақамлар бензин ишлаб чиқариш 46,1 минг тоннага ёки 5,7 фоизга ўсганини кўрсатади. 

Таҳлилларга кўра, автомобиль бензини ишлаб чиқариш ва импорт ҳажми ортганига қарамай, нархлар 26,9 фоизга қимматлашган. 

Статистик рақамлар Ўзбекистонда енгил автомобил ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли қисқарганини кўрсатади. 2021 йил январь-сентябрда 150 183 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилган. Бироқ 2020 йилнинг шу даврида 217 771 дона ишлаб чиқарилган. Бу енгил автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 31 фоизга қисқарганини кўрсатади. 

2019 йилнинг шу даврида эса 186 432 дона автомобил ишлаб чиқарилгани ҳисобга олинса, 2021 йил 3 йилликда энг кам маҳсулот ишлаб чиқарилган давр ҳисобланади. 

Автомобиль ишлаб чиқариш камайгани сабаблари борасида жорий йилнинг май ойида «Ўзавтосаноат» ахборот хизмати тушунтириш берганди.

Маълум қилинишича, ишлаб чиқаришнинг кескин қисқаришига микрочиплар етказиб беришдаги узилишлар сабаб бўлган.

Мавзуга оид