Ўзбекистон | 12:39 / 03.11.2021
488
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 1 700 дона «Трамадол Ланнахер 50» наркотик воситасини олиб кетаётган наманганлик шахслар ушланди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида вилоят ДХХ, Божхона бошқармалари ва ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 1700 дона «Трамадол» наркотик воситасини олиб кетаётган наманганлик шахслар ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Иллюстратив фото

Маълум қилинишича, жорий йил 2 ноябрь куни Самарқанд вилояти ДХХ, Божхона бошқармалари ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Тайлоқ тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи, 1977 йилда туғилган Э.Ш. ҳамда Г.Х. Тайлоқ-Ургут йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Cobalt машинаси юкхонасидаги оёқ кийим қутилари ичида 1700 дона «Трамадол Ланнахер 50» наркотик дори воситаларини яширгани аниқланган. Ашёвий далиллар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, ушбу шахслар наркотик дори воситаларини Наманган шаҳрида 8 миллион 500 минг сўмга сотиб олиб, Ургут туманида яшовчи фуқарога 2 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлишган.

Қайд этилишича, Э.Ш. ҳамда Г.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид