Telegram’ни чеклаш ҳақидаги қарор Вазирлар Маҳкамасидан келган. Кун мавзуси тафсилотлари
Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов топшириғи билан Telegram фаолиятини чеклаш тўғрисида қилинган қарор хато деб топилди, президент бу масаладан хабардор этилгач, ҳолат юзасидан тезкор чоралар кўрилиб, «Ўзкомназорат» бошлиғи ишдан олинди ва тергов ҳаракатлари бошланди.
Ўзбекистонда Telegram ва 3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига қўшилган бошқа ижтимоий тармоқлар (YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») фаолияти тикланди.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларни чеклаш тўғрисида Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатма берилган.
«Ҳукумат кўрсатмасига асосан «Ўзкомназорат» томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат ҳақида Президент хабар топдилар. Ўйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», дея хабар қолдирди Асадов биринчи постида.
Kun.uz манбаси аниқлик киритишича, ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш бўйича топшириқ ҳукуматдан «Ўзкомназорат»га бир кун олдин келган. Одатда бундай даражадаги жиддий топшириқ тўғридан тўғри ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов томонидан берилади.
- Маълумот учун, бош вазир Абдулла Арипов мутахассислигига кўра электроалоқа бўйича муҳандис ҳисобланади. У 2002-2005 ва 2005-2009 йилларда Ўзбекистон ҳукуматида бош вазир ўринбосари сифатида алоқа ва телекоммуникация масалаларига масъул бўлган.
Президент Администрациясига алоқадор ҳисобланган «Нигоҳ» канали эса ҳукуматнинг ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш тўғрисидаги қарори барча ҳуқуқий ва техник меъёрларга риоя қилган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани, бу ҳақда Президент Администрациясига хабар берилмагани ҳақида хабар қолдирди.
Кўп ўтмай «Ўзкомназорат» раҳбари юзага келган ҳолат учун ишдан олиниб, унинг ҳаракатлари юзасидан текширув бошлангани маълум қилинди.
«Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади», дейилади Асадовнинг иккинчи постида.
Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилиши таъкидланди.
- Ғолибшер Зияев 2020 йилнинг сентябрь ойида «Ўзкомназорат» раҳбари лавозимига тайинланганди. У 2019-2020 йилларда бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятининг мудири лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг 27-1-моддаси (Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари) қонунга 2021 йил 14 январдаги қонун билан киритилган бўлиб, унинг амал қилиши 2021 йил 15 апрелдан бошланган эди.
2021 йил май ойида «Ўзкомназорат» Mail.ru Group (ВКонтакте), Twitter ва Tencent (WeChat) ижтимоий тармоқлари эгаларига «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27−1 моддасига риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берганди. Яъни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш талаб этиларди. Июль ойида шу масала туфайли TikTok, Twitter, Skype, «ВКонтакте»нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланди.
2021 йил 3 ноябрь куни соат 19:30лардан кейин Ўзбекистонда Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, «Одноклассники» фаолиятида узилишлар юзага келди ва кўп ўтмай «Ўзкомназорат» ушбу тармоқларни Шахсга доир маълумотларни бузувчилар реестрига киритиб, уларнинг Ўзбекистондаги фаолиятини расман чеклагани маълум бўлди.
Шундан сўнг Ўзбекистон медиаолами вакиллари бу қарордан кескин норозилик билдира бошлашган, кўпчилик буни президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқлик сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳолади.
Юзага келган вазият шуни кўрсатмоқдаки, персоналлаштириш тўғрисидаги қонун қайта кўриб чиқилишга муҳтож. Бу қонун қайта кўриб чиқилиб, ўзгартирилмас экан, бугун бўлгани каби муаммолар такрорланаверади.
Мавзуга оид
08:50
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
12:08 / 20.11.2024
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
11:49 / 20.11.2024