Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Терговдаги қийноқлар, суддаги майнавозлик. Ноҳақ йўқотилган 5 йилнинг бадали 50 млн сўмми?
Мислсиз қийноқлардан кейин тўқиб чиқарилган жиноят бўйнига қўйилган инсон умрининг қарийб 5 йилини қамоқда ўтказди. Суд уни оқлади, аммо йўқотилган йиллар, руҳий изтироб ва қийноқлар учун бор-йўғи 50 млн сўм берилди. Унга адолатсиз ҳукмни ўқиган судья эса ҳамон судьялигича қолмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашувда “Сурхон халқининг бошига туҳматлар, бўҳтонлар бўлгани ҳам рост”, деди ва сўнгги йилларда одамлар хотиржам ва эркин нафас ола бошлагани ҳақида гапирди.
Умуман, давлат раҳбари нимага ишора қилгани кўпчиликка маълум эди. Яқин ўтмишда Сурхондарёда кучишлатар тизимларнинг айрим ходимлари ўз ваколатини суиистеъмол қилгани, улар томонидан инсон шаъни, қадр-қиммати оёқости қилингани, кўплаб инсонлар туҳмат билан узоқ муддатга қамалиб кетгани сир эмас.
Сариосиёлик Саидмуҳиддин Холиқов бошидан ўтганларини айтиб бераркан, президент Мирзиёев айтган гаплар айнан унинг ҳам тақдирида кечганини тушуниш қийин бўлмади.

Қаҳрамонимиз 2016 йилнинг 24 февралида жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш, оммавий тартибсизликлар уюштириш каби айбловлар билан жавобгарликка тортилган.
Саидмуҳиддин Холиқов 2020 йилнинг ёзида оқланган. У Kun.uz'га бошидан ўтказганлари, хусусан, қандай қилиб кучишлатар тизимларнинг нишонига айлангани, ўзига нисбатан қилинган адолатсизликлар, жисмоний ҳамда руҳий азоблар ҳақида ҳикоя қилиб берди:
— 2015 йилнинг мартида ИИБ ходимлари мени ҳеч қандай изоҳларсиз кўчадан ушлаб олиб кетишди, – дея ўз ҳикоясини бошлади Саидмуҳиддин Холиқов. – Дастлаб машинамни тинтув қилишди, ўзимни вилоят марказига олиб кетишди. Бирор айб қўйишга асослари бўлмагач, ўзларининг ихтиёрларида қолишим учун ҳам шахси номаълум фуқаро сифатида расмийлаштириб, “дайдихона” (ИИБ ҳузуридаги реабилитация маркази – таҳр.)га жойлаштиришди.
У ерда шундай муомала қилишдики, буни инсон боласига қўллаб бўлмайди. Бутунлай ўзимни йўқотиб қўйдим. Беш сутка давомида бир дақиқа ҳам ўтирмадим. Танамдан электр токини узишмади. 24 соат давомида тўрт киши келиб тергов қилади, улар кетиб яна ўрнига бошқа тўрттаси келади. Мен уларга айтдим: “Акалар, етти нафар фарзандим бор. Нима мақсадларинг, айтинглар”, десам, “ўзинг ичингдагини айт”, дейишарди.
Мендан “Дўсанов деганини танийсанми?” деб сўрашди. Йўқ, танимайман, десам, токни улаб шунақа айлантиришдики... Шу тариқа, танимаган одамимни танитиш учун танамга бир сутка давомида тинимсиз ток улашди. Охири: “Дўсановни мен ўлдирганман” деб юбордим. “Дўсанов тирик”, дейишди. Бўлмаса унга нима бўлган, айтинглар, дедим. Буткул ҳолдан тойгандим.
Кейин Дўсанов деганини олиб келишди. У шунақа кўрсатмалар бердики, инсоннинг имони титраб кетади. Хуллас, бўйнимга “биродарлик”ни қўйишмоқчи бўлдилар. Агар бўйнингга олмасанг, аканг, куёвинг ва ўғлингни олиб келамиз, дейишди. “Бўлди, уларга индаманглар, нима тушган бўлса, менинг бошимга тушди. Нима айб қўйсанглар, бўйнимга оламан”, дедим. Дўсанов айтганларини бўйнимга олдим.
Шундан кейин мени Сурхондарёдан Тошкентга, Ички ишлар вазирлигига олиб бориб тергов қилишди. Қизиғи, вазирликнинг терговчилари мен билан 5-10 дақиқа суҳбатлашгач, мажбуран оғир моддани бўйнимга олаётганимни сезиб қолишди. “Нима, биз аҳмоққа ўхшаймизми?” дея менинг айбим йўқлигини айтишди.
“Нима қилай, мен Сурхондарёда ростини айтдим, ишонишмади. 5 сутка қийнашди. Энди сизларга ёлғон гапиряпман, сизлар ҳам ишонмайсиз, деб ўйлагандим», дедим.
Ўша куни мени махсус рейс билан Сурхондарёга қайтариб юборишди. Айбим йўқлиги исботлангани, қўйиб юборишлари мумкинлигига менда умид уйғонди. Аммо тўғри яна “дайдихона”га олиб боришди. Бу сафарги қийноқлар аввалгисидан ҳам ошиб тушди.
Яна 5 ой Термизда сақлашди. Сариосиёлик бир автобус одамни босиб олиб боришди. Уларни 20-30 йиллаб кўрмаганман. Уларни ҳам уриб-синдириб, менга қарши кўрсатма бердиришди. Гўёки мен – амир, уларнинг қайсидир бири – ўнг қўлим, бири – чап қўлим. Улар ўлмаслик учун менга қарши кўрсатма беришди. Ўша кўрсатмалар билан мени қамашди.
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди томонидан 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиндим. 2 йил Чирчиқ шаҳри ва 3 йил Шеробод туманидаги жазони ўташ муассасаларида бўлдим.
Йиллар давомида айбсизлигимни жазони ўташ муассасалари раҳбарларига айтиб келдим. 2020 йилга келиб ишим қайта кўриб чиқилди.
Қашқадарё вилоят судига бир гапни айтдим: Қалбимда жароҳат бор. Бу жароҳат қиёматгача қолади. Чунки ўғлим қатори болалар мени ётқизиб футбол қилиб ташлашди. Майли, Ватанимнинг тинчлиги учун ҳамма нарсага тайёрман. Лекин фарзандларим мактабга боролмади. Тасаввур қиляпсизми, бир кишини Ватан хоини, дин хоини қилиб айблашни.
Кимнингдир фарзанди Россияга бориб намозхон бўлиб келса, хавотир олардим. Ота-онасига эҳтиёт бўлинглар, адашмасин, ёт оқимлар бор, намозни шу ерда ўргансин, дердим. Лекин ўзим қўрққан модда билан мени қамашди.
Мен энг керакли вақтда фарзандларим отасиз қолишди. Уч нафар қизимни бўйи етиб қолганди.
Ўтган йили 9 июн куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди кассация инстанцияси ажримига кўра, ҳаракатимда жиноят аломати бўлмагани сабабли айбсиз деб топилиб, реабилитация қилиш йўли билан оқландим.
Худога шукур, мана янги сиёсат ҳақлигини билдирди. То жоним бор экан, президентимизни дуо қиламан. Нафақат мен, фарзандларим, набираларим ҳам дуо қилишади. Мен ва оилам шундай жирканч нарсадан қутулдик.
Оқланганимга ҳам бир йилдан ошди. Беш йил ноҳақ қамоқда ётганим, бу йиллар давомида фарзандларим моддий-маънавий томондан қийналгани, кўчага ҳам чиқа олмай қолишгани... Бу азобларни унутиш мушкул.
Шу ҳолатлар ва ўзимга нисбатан жисмоний қийноқлар қўллангани учун товон пули талаб қилдим. 750 млн сўм моддий, 750 млн сўм маънавий зарар талаб қилиб, судга мурожаат қилдим.
Суд Сариосиё туман молия бўлими орқали давлат бюджетидан 50 миллион сўм маънавий зарар ундиришни белгилади.
Аммо 5 йил аввал устачилик қилиб, Россияда ишлаб келардим ва бир йиллик даромадим 15 минг АҚШ доллардан кам эмасди. Ушбу маблағни шунчаки кўтариб келмаганман, оиламга банк орқали жўнатганман. Наҳотки, мен кўп йил аввал бир йилда топган даромадимдан бир неча баробар оз маблағни беш йиллик азобим учун товон пули, дейиш мумкин бўлса...
Мен замондан орқада қолиб кетдим, фарзандларим ёш эди, бирор ишнинг бошини тутай, тадбиркорлик қилай, десам ҳам қурбим етмаяпти.
* * *
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йилнинг 9 июн кунги ажримида Холиқов ишида судья бир қатор қонун меъёрларига амал қилмагани қайд этилган.
Буни қарангки, бир гуруҳ айбсиз инсонларга жиддий айбловлар билан ҳукм ўқиган Аъзам Нормахмутович Сайфитдинов ҳозир ҳам судья. У айни кунда Жиззах вилоят маъмурий суди судьяси лавозимида ишлаб келмоқда.
Оқлов ажримида Холиқов ва у билан бирга қамалганлар оқланар экан: «На дастлабки тергов органи, на суд С.Холиқов, В.Саидмирзаев ва Ф.Эшонқуловнинг қачон ва кимлар билан Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилгани, ғайриқонуний равишда диний ташкилотлар тузгани, ушбу ташкилотларда фаол иштирок этгани, диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузгани ва унда иштирок этганини аниқламаган”, деган қайдлар бор.
Хулоса ўрнида: хоҳ суд, хоҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзлари чиқарган қарор ёки олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида қилган хатоси туфайли кимдир жабр кўрса, қарор чиқарганлар жавоб бермас, қилмиши уларнинг келгуси фаолиятига таъсир қилмас экан, юқоридаги каби аянчли ҳаётий ҳикоялар яралаверади.
Тизимни адолатсиз судьялар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг нопок ходимларидан тозалаш учун чиндан ҳам самарали ва ишлайдиган қонун-қоидалар яратиш вақти келмадимикан?
Токайгача ундайлар қилгуликни қилиб қўйиб, инсонларнинг ҳаётини синдириб, тақдирларини ўзгартириб юбориб, яна шу жафокаш халқ ҳисобидан маош олиб, бемалол ишлашда давом этишади?
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
11:56 / 28.05.2025
Сариосиёда 300 бош қўй жарликка қулаб нобуд бўлди
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
09:35 / 24.05.2025
Суд Трампнинг Ҳарвардга хорижликларни қабул қилишни тақиқлаш қарорини блоклади
11:53 / 22.05.2025