Тошкентда маст ҳолда шифокор аёлни калтаклаган шахс 4 йилга қамалди
Тошкентда маст ҳолатда шифокорга жиддий жароҳат етказган шахсга суд ҳукми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимида ишловчи шифокор аёлни калтаклаб, жиддий жароҳат етказган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа 24 март куни юз берганди. Соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида текширувга олиб келинган. Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Т.га ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганини билдирган.
Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганини ва ундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган. Шунга қарамай, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва туҳмат сўзлар билан эътироз билдиришни бошлаган ва бемор У.Н. тўсатдан шифокор аёлга оғир тан жароҳати етказган.
Шифокор Н.Т. қўшма краниофациал жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг оғир даражада лат ейиш, субарахноидал қон қуйилиши, бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши, энса ва бурун соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, назогеморрея ташхиси ва бош мия шиши асорати билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Ўша пайтдаёқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қонунга мувофиқ ҳукм чиқарилишини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат билан чиққанди. Шундан сўнг тиббиёт ходимига қўл кўтарган фуқарога нисбатан жиноий иш очилиб, суриштирув ишлари бошланди. Жараён якунлангач, 2 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида фуқаро У.Н.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Вазирликнинг маълум қилишича, судланувчига жазо тури ва муддатини тайинлашда фуқаронинг муқаддам судланмагани, ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити ҳамда касаллиги, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган илтимоснома жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланди. Аммо судланувчининг мазкур қилмишни ғаразли ниятда ҳамда мастлик ҳолатида содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолангани айтилди.
Ҳукмга кўра, У.Н.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди. Айбланувчига Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
16:50 / 19.10.2021
Андижонда тез ёрдам шифокорини калтаклаган шахс қамоққа олинди
19:32 / 18.10.2021
“9 йил муштлашишга эмас, дўхтирликка ўқиганман” — Андижонда тез ёрдам шифокори калтакланди
20:03 / 19.07.2021