Тошкентдаги Планетарий – эътиборга муҳтож илм маскани
Планетарий – Ўзбекистон учун ноёб маскан бўлишига қарамай, бир неча йил эътибордан четда қолган, шу боис бўлса керак юртдошларимизнинг кўпчилиги билмайдиган қизиқарли маскан. Kun.uz мухбири само синоатларидан ҳикоя қилувчи мажмуада бўлиб, унинг бугунги ҳолати билан танишди.
Айтиш жоиз, Планетарий бир неча йиллар давомида эътибордан четда қолган ва абгор ҳолатга келиб қолган эди. Мажмуа раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан бу макон обод манзилга айлантирилмоқда. Албатта, муаммолар етарлича. Лавҳамиз давомида ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Мажмуа ҳовлиси қаровсиз аҳволда ётган, дарахтлар қурий бошлаган, суғориш тизими ишдан чиққан, яшил ҳудуд қовжирай бошлаган. Мажмуа ичи эса талабга мутлақо жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолган эди: декорациялар, ўриндиқлар, урналар, экспонатлар эскирган, синган, бузилган...
19 нафар ходим ишлайдиган мажмуа ўз имкониятлари ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 7 йил деганда озми-кўпми тузукроқ ҳолатга келтирилди. Афсуски, шаҳар ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги томонидан Планетарийга эътибор етарли эмас.
Эскирган инвентарлар турли бузилган парк ва саройларда “списать” қилинган инвентарларга алмаштирилди: “Туркистон” саройидан фойдаланилган, эски, бироқ яроқли ўриндиқлар, Учтепа туманидаги маданият ва истироҳат боғидан олиб ташланиб, чиқитга чиқарилган урналар келтирилди ва ўрнатилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг битирув диплом иши ўлароқ кираверишдаги панно чиздирилди.
Қисқаси, яхши маблағ ва эътибор берилса, оз фурсат ичида гуллаб-яшнаган масканга айлантириб қўйиш мумкин бўлган Планетарий 7 йил деганда оз-оздан, аста-секин обод қилиб борилди. Бироқ ҳануз камчиликлар бисёр, қилиниши керак бўлган ишлар етарли.
Айниқса, ходимлар рағбатлантирилиши борасида аҳвол ачинарли. Ойига 700-800 минг сўм маошга ишлайдиган астрономия фидойиларига ҳайкал қўйса арзийди, таъбир жоиз бўлса. Бу ердаги ишчиларни фидойилик, энтузиазм ушлаб турибди.
Биз кўрсатувни суратга олгач, уни тайёрлашимиз асносида Планетарий раҳбари мажмуага юқори даражада эътибор беришга ваъда берилганини хабар қилди. Керакли маблағ ажратиш ва материал-техник базани мустаҳкамлашга ваъдалар берилган, туман Ободонлаштириш бошқармаси ва Экология қўмитаси Планетарий ҳовлисидаги қаровсиз дарахтларни бутаб, суғориш тизимини реконструкция қилиб беришга бел боғлашган.
Kun.uz ваъда қилинган бу хайрли ишлар амалга ошишидан умидвор. Биз бу жараённи кузатиб борамиз, сизни эса Планетарий бўйлаб саёҳатга таклиф қиламиз.
Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.