Ўзбекистон | 13:39 / 04.11.2021
68289
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги яна битта кўл қуритилди. Буниси қайта тикланмайдиган қилиб

Олий Мажлис биносининг орт тарафида жойлашган, ўзига хос ўтмишга эга кўл бугун батамом қуритиб ташланган. Унинг ўрнига нима қурилиши ҳали номаълум, лекин қурилишни қайси компания бажариши маълум.

Архив фото: Livejournal / Орхидея

Тошкентнинг қоқ маркази – айни пайтда Миллий боғ деб номланувчи ҳудуд азалдан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг севимли жойи бўлган. Талабалар, мактаб ўқувчилари ва умуман ҳордиқ чиқарувчилар билан ҳамиша гавжум бўлган бу ҳудуд бир тарафдан қадимий Бешёғоч майдони, иккинчи тарафдан “Халқлар дўстлиги” саройи билан туташган.

Иттифоқ даврида Комсомол кўли деб номланган, халқимизнинг қўл меҳнати эвазига барпо қилинган кўлда бир неча авлод чўмилиб улғайган. Бу жойда машҳур фильмлар ишланган, неча йилларки келин-куёвлар энг эсда қоларли онларини шу ерда тарихга муҳрлаганлар.

Ўзбекистонликлар бу кўлни 1932 йилда ҳашар йўли билан қуришган эди.
Ихтиёрий ҳашарга аёллар ҳам келиб, кўл қурилишига ҳисса қўшишган.

Сувли ва яшил бу ҳудуд майдони йиллардирки қисқариб бормоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларида унинг катта ҳудуди ўраб олиниб, Олий Мажлисга ажратиб берилди.

Кейинчалик Ёзувчилар уюшмаси кўчириб келиниб, алоҳида бинолар қурилди, Адиблар хиёбони ташкил этилди. Атоқли ёзувчиларнинг ҳайкалларидан иборат аллея пайдо бўлди. Яқинда эса боғ ва кўлнинг катта қисми ўрнида чет элдаги қасрлардан андоза олинган “Magic City” мажмуаси қад ростлади.

Видеодан кадр: Afisha.uz

Бу янги ғоялар фақат яшил ҳудуд ва кўлдан капсан олиш ҳисобига амалга оширилгани таажжубли. Сўнгги маълумотларга кўра, бу кўл батамом қуритиларкан.

Сунъий йўлдош тасвирлари / Фото: Google Earth Pro

Daryo'нинг аниқлашича, қуритилаётган кўл ўрнига ё драма театри, ё опера театри қурилиши мўлжалланган. Аммо ҳали тугал фикр йўқ. Қизиғи, нима қурилиши номаълум бўлса-да, қурувчи компания аниқ: Enter Engineering.

Ўзбекистондаги кўплаб катта-катта қурилишларни амалга ошираётган бу компаниянинг 51 фоиз улушига эгалик қилучи Klintworth Investmentс офшор зона ҳисобланмиш Кипрда рўйхатдан ўтган. 19 фоиз улуши эса Россиянинг Газпромбанкига тегишли.

Хуллас, шу тариқа Тошкент ўзининг экологик мувозанатини сақлашга кўмак берувчи яна бир ҳавзадан айрилмоқда.

Фото: Daryo / Мадина Нурман
Фото: Daryo / Мадина Нурман

Бу биринчиси эмас

Пойтахтдаги “Ғафур Ғулом” номли боғ ҳам икки йилдирки дам олувчилар учун ёпиқ. Хорижий “инвестор” дейилаётган, аммо асл эгаси ўзбекистонлик бўлган хориж (Сингапур) компаниясига ярим асрга ижарага берилган бу боғда дастлаб шиддат билан бошланган қурилиш ҳозир анча сусайиб қолган. Энг ачинарлиси – боғдаги на қурилишга, на ободонлаштиришга халал берадиган кўл қуритиб ташланган.

Яхши хабар ўлароқ ўқиганимиз шу боғ ҳудудида жойлашган иккита кўл тикланиши мумкин. Уларнинг бири қайиқ ва катамаранларда сузиш учун ва иккинчиси ўрдаклар учун ажратилади, дейилмоқда. Аммо тез орада бўлиши айтилган бу режаларнинг аниқ муддати ҳақида маълумот йўқ.

Фото: Google Earth Pro

Афсуски, бу ҳам охирги мисол эмас. Пойтахтдан водийга қараб чиқаверишда, Гольф клуби ёнида жойлашган Бахт кўли ҳам дастлаб қаровсиз қолдирилди, аста-секин суви бўғилди ва ниҳоят буткул қуритилди. Қачондир минглаб одамлар чўмилиб салқинлаган ҳудуд бугун кимсасиз масканга айлантирилди. Бозор иқтисодиётининг шафқатсиз қонунлари амалда – бунча жой бўш туриши мумкин эмас. Ва шундай ҳам бўлди. Ҳозирда мазкур ҳудудда “улкан бунёдкорлик ишлари” бошлаб юборилган.

Бахт кўли. 2010 йил июн (чапда) ва 2021 йил июл ойида (ўнгда) сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар / Фото: Google Earth Pro

“Абдулла Қодирий” номли боғдан ҳам лавҳалар қилган, у ердаги яшил ҳудудлар ҳам тобора қисқариб бораётгани ҳақида хабар бергандик. Шундай тасаввур уйғоняптики, шаҳар учун ўпка вазифасини бажариб берувчи боғлар, яшил ҳудудлар ва сув ҳавзаларини нафсига хўжайин бўла олмаганлар йўқ қилиб ташлаётгандек.

Бир тарафдан шаҳардаги намликни сақлаш учун муҳим кўллар қуритиляпти, дарахтлар яксон қилиняпти, бошқа тарафдан эса қурилишлар шаҳарни буткул чангга ботирмоқда.

Масъуллар эса шаҳар ободлиги ҳақида чиройли гаплар гапиришдан тўхтамаяпти.

“Миллий боғ”даги ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан изоҳ сўрадик ва жавобни кутмоқдамиз. Лекин билишимизча, Олий Мажлисга туташ ҳудуд, қуритилган кўл ўрни ҳам худди Мустақиллик майдони каби ҳокимлик эмас, ҳукумат ихтиёрида.

Шуниси аниқки, қандай янги лойиҳалар бўлмасин, глобал исиш шароитида намликка муҳтож Тошкентнинг миллионлаб аҳолисига кўлларчалик кўпроқ фойда бера олмайди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид