Ўзбекистон | 01:38 / 05.11.2021
37307
4 дақиқада ўқилади

Кун саволи: чанг нимаси билан хавфли ва ундан қандай ҳимояланиш мумкин?

Фото: KUN.UZ

2021 йилнинг 4 ноябри Тошкентда ҳеч кузатилмаган ҳолат – чанг бўрони билан эсда қолди. Тез орада босилиши умид қилинган бу ҳодиса соатларки тинмаяпти. Деярли бутун мамлакатда ҳаво чанг билан тўлган. Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, на ёмғир, на қор ёғди. Чанг уйлар, ишхоналар, автомобилларнинг эшик-деразаларидан сизиб кириб, аллергик касаллиги бор беморлар учун даҳшатга айланмоқда. Айниқса пандемия шароитида, ҳаётий муҳим аъзо бўлган ўпка учун бу навбатдаги синов.

Хўш, чанг нимаси билан хавфли?

Бундай шароитда ҳар қандай соғлом одам ҳам ўзини ноқулай ҳис қилади, нафас олишга қийналади. Кўпчилик фақат заҳарли газлардан ҳимояланиш керак деб ўйлайди, лекин чанг ҳам зарари жиҳатдан улардан қолишмайди. Чанг инсон организмида тўпланиш хусусиятига эга, нафас олиш ва қон айланиш тизимида жиддий муаммолар келтириб чиқаради.

Чангнинг зарари энг аввало унинг дисперслигига, яъни чанг зарраларининг ўлчамларига ҳамда нафас олиш ҳудудидаги концентрациясига боғлиқ. Инсон учун энг зарарли чанглар қаторида кварц ёки асбест чангларини санаб ўтиш мумкин. Ундан кейин эса кўмир чанги туради. Лекин туридан қатъи назар чанглар ўпканинг пневмокониоз, чанг бронхити каби касалликларини қўзғатиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қуйидаги даражадаги чанг меъёрий этиб белгиланган:

  • 10 мкм ва ундан кичик зарралар учун – 0,05 мг/м3;
  • 2,5 мкм ва ундан кичик зарралар учун – 0,085-0,01 мг/м3.

«Ўзгидромет»нинг маълум қилишича, 4 ноябр кунги бўрон вақтида атмосферадаги чанг миқдори меъёридан 5 баробарга ошган.

Чанг болаларга ҳам жиддий зарар етказади. Уларнинг нозик ўпкалари, кўзларининг шиллиқ қаватлари ташқи омилларга жуда таъсирчан бўлади. Чанг бўронлари айниқса аллергик касалликлари, хусусан бронхиал астмаси бор беморлар учун хавфли. Бундай беморлар шундоқ ҳам нафас қисилишидан азият чекадилар, бу каби бўронлар эса уларни янада мушкул вазиятга туширади.

Юқори нафас йўлларининг мавсумий касалликларидан азият чекаётганлар айниқса чанг таъсирига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари лозим.

Чекувчилар ҳам бундай пайтда жиддий синовдан ўтадилар. Ўпканинг катта қисмини тамаки заҳари билан ишдан чиқариб бўлганлар учун қолган соғ қисмлар нафас олиш ҳажмини етарлича таъминлолмай қолиши мумкин. Экологик муаммоларнинг жиддий хабарчиси бўлган чанг бўронлари микропластик сунъий полимерлар ёки пластик чангини ташиб келиб, организмга жойлаб кетиши ҳеч гап эмас.

Қандай ҳимояланиш мумкин?

4 ноябр куни Ўзбекистонда кузатилгандек ҳолат бўлса амалда ҳеч қандай ҳимоя усули тўлақонли самара бермайди. Лекин зарарнинг таъсир кучини камайтиришга уриниб кўриш мумкин. Деразаларни зичлаб ёпинг, зарурат бўлмаса, ташқарига чиқманг. Юзаларни ҳўл латта билан артиб туринг, имкон бўлса, хонага идишларда сув қўйинг. Кўпроқ суюқлик, хусусан, кўк чой ичинг, ёғли овқатларни чекланг, чекишдан ҳеч бўлмаса шундай пайтларда тийилиб туринг.

Лаклар, дезодорантлар, спрей ва ҳавони тозаловчилардан фойдаланманг. Чунки улар шундоқ ҳам кам тоза ҳаво ҳажмига салбий таъсир қилиши мумкин. Энг муҳими, деярли унутиб қўйган энг самарали восита – тиббий ниқобларни қайта тақинг. Имкон қадар сунъий матолардан қочиб, табиий докадан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Нафас қисилиши жиддийлашса, шифокорга мурожаат қилинг.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид