Тошкент аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи иншоотда носозлик юз берди
Тошкент шаҳри аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи “Қодирия” бош сув иншоотида носозлик юз берди. Бу ҳақда "Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ хабар қилди.
Қайд этилишича, «Қодирия» сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш ҳолати юзага келган. Шу туфайли Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда.
Маълум қилинишича, ушбу носозлик сабаб Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда. Ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланган, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. 2-3 соатда Тошкент шаҳри сув таъминоти ўз маромига қайтади.
Gazeta.uz’нинг Энергетика вазирлиги матбуот хизматига таяниб ёзишича, насосларнинг ишлашига таъсир қилган «Марказ» нимстанциясининг ўчиб қолишига чанг бўрони сабаб бўлган. Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь кечаси ҳаводаги чанг миқдорида меъёридан 5 баробарга ошиб кетди.
Хусусан, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, авариявий ҳолат сабаб Мирзо Улуғбек тумани «ТТЗ-4» мавзесидаги 14/1 ва 14/2 локал қозонхоналарга совуқ сув босими пасайган, совуқ сув келиши тўхтаган. Оқибатда эса 37 та кўп қаватли уйларда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тўхтатилган. Худди шундай Буюк Ипак йўли кўчасида ҳам 214 та уйда таъминот тўхтаган.
Шунингдек, тумандаги «ТТЗ-1», «ТТЗ-2», «ТТЗ-4», «Қорасув-1», «Қорасув-2», «Қорасув-3»,«Қорасув-4» ва «Феруза» массивлари, Олтинтепа, Саёҳат, Хирмонтепа, Подшобоғ, Орол ва Салом кўчалари, Бўз-1, Чуст кўчаларида ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилган.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» ва туман ҳокимлиги юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраган.