Тошкентда 678 киши нафас қисиши туфайли «Тез ёрдам»га мурожаат қилди. ССВ бундай шароитда қандай йўл тутиш бўйича тавсиялар берди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига чангли ҳавода ниқоб тақиш, аллергик ва астма касаллиги бор беморларга ташқарига чиқмасликни тавсия қилди.
4 ноябрь куни Ўзбекистонда кучли шамоллар туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисалари кузатилди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди. Шунингдек, республиканинг баъзи ҳудудларида ҳаводаги чанг-ғубор оқибатида кўринувчанлик 500-1000 метргача пасайган.
Гидрометеорология хизмати маркази прогнозига кўра, 5 ноябрь куни ҳам Тошкент шаҳрида шамол тезлиги 5-10м/с, республиканинг бошқа жойларида эса 7-12м/с даражасига етиши қайд этилган.
Айни пайтда ҳаводаги катта ҳажмдаги чанг ва қум сурункали касалликлари, аллергияси бор одамлар учун хавфли ҳисобланади.
ССВ матбуот хизмати мазкур ҳолатнинг инсон саломатлигига қандай салбий таъсири борлиги, ундан кимлар ва қандай ҳимояланиши кераклиги ҳақида маълумот берди.
«Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур. Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак.
Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис, хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим.
Ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, ҳўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур.
Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади», дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова.
Шунингдек, агар ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилиш кераклиги таъкидланган.
4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 678 киши нафас қисиши билан боғлиқ муаммолар туфайли «Тез ёрдам»га мурожаат қилган.
«3 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433тани ташкил этганди. Кеча эса бу кўрсаткич 4082тага етди. Шундан 678таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. Ушбу беморларга бригадамиз томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинди», дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоев.
ССВ мамлакат аҳолиси бундай об-ҳаво шароитида зарурат сезганда, «103» хизматига мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин.
Бундан ташқари, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Қолаверса, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази фаолият кўрсатмоқда.
Мавзуга оид
18:14
Иқлим ўзгариши чангга аллергияси бор одамлар сонини оширмоқда
18:52 / 05.08.2024
Шифокор аломатларсиз иситма ҳақида маълумот берди
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024