Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Замҳоким» кўтарилади, муаммо эса қолаверади. Узундаги муаммони «калта қиладиган» раҳбар топилмаяпти
Узун туманининг «кўрпага қараб оёқ узатиш»ни билмайдиган собиқ ҳокими Отабек Норматов маҳаллий бюджетнинг имкониятини ўйлаб ҳам ўтирмай, туманнинг бош режасини баҳона қилиб ўнлаб тадбиркорларнинг биноларини бузиб ташлаган. Мана, уч йилдирки, туманда ҳоким алмашаверади, мулкдорлар эса ҳамон сарсон-саргардон.
Бир йил аввал сайтимизда «Узундаги мантиқсиз «снос»лар: ғазнада маблағ бўлмай туриб, юздан ортиқ объект бузилган» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Ўша суриштирув давомида Узун тумани ҳокимлиги масъуллари билан учрашиб, уларнинг муносабати, умидли ваъдаси ҳам олинганди.
Яқинда узунлик тадбиркорлар ўтган йилги муаммо ҳамон ечимини топмаётгани, ўша вақтда берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб, масъул раҳбарлардан бири кўтарилиб кетганини хабар қилишди. Узун тумани марказидаги бир нечта кўчалардаги турар ва нотурар жойлар собиқ ҳоким Отабек Норматовнинг 2018 йил 5 февралдаги қарорига кўра бузилишга тушади.
Ўшанда туманнинг бош режасига асосан «снос» сабабли жабр кўрганларга Узуннинг маркази бошқача қиёфа касб этиши важ қилиб кўрсатилади. Аммо мана, орадан уч йил ўтди, бош режадан асар ҳам йўқ, тадбиркорлар эса «синган». Кимдир ижарада, кимдир «музлаган» муаммонинг «эришини» ҳамон кутмоқда. Сурхондарёга сафаримиз давомида узунлик фуқароларнинг иккинчи марта қилган мурожаати асосида мавзуга яна қайтдик.
Акбаржон Мўминов туман марказидан ўтган асосий йўлни кенгайтириш, объектларни замонавий типда қуриш, марказни обод қилишни сабаб қилиб мулкини буздиришганини айтмоқда. Мўминовга кўра, ҳудудда унинг номида чойхона, учта дўкон бўлган. Мулкни бир умр эгалик қилиш ҳуқуқи билан сотиб олган. Энди бўлса унга компенсация ҳам тўланмаяпти, фаолиятини давом эттириши учун замонавий лойиҳа асосида дўкон қуришига ҳам рухсат берилмаяпти. Аксинча, ўша жойга даъвогарлик қилаётганлар ҳам пайдо бўлибди. «Фарзандларимни Россияга жўнатсамми, деб ўйлаб қолдим. Улар ишсиз қолишди, жуда қийналдик», дейди отахон.
Марказдаги Ўзбекистон кўчасида Абдуфаттоҳ Турдиевнинг ҳам дўкони бўлган. Абдуфаттоҳ ака бизга ўтган йили ҳам бу ҳақда гапириб берганди. «Ўтган йили ҳокимликнинг умидли ваъдаси сайтда эълон қилингач, бироз ҳаракатга тушиб қолишди. Хурсанд бўлувдик. Йўқ, яна эски ҳаммом, эски тос. Ўша вақтда дўконимизни бузишларига қарши чиққанимизда, «Сен президент сиёсатига қарши чиқяпсанми?» дейишганди. Аслида тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётганлар президент сиёсатига қарши бормаяптими? Қанчалаб йигит-қизларимиз бу ерларда иш билан банд эди», дейди тадбиркор.
Ёш тадбиркор Ҳусан Мелиқуловнинг ҳам 160 кв2 атрофида савдо дўкони бўлиб, ўша вақтда кўп қатори бузиб ташланган. Мелиқулов айни вақтда туман марказидаги кичикроқ дўконларни ижарага олиб ишлатиш учун ойига 3 миллион сўм атрофида тўлов қилаётганини айтди. Ўз мулкига эга бўлмаган тадбиркорлар учун бу жиддий муаммолар келтириб чиқараётган экан. Компенсация сифатида таклиф қилинган ер туманнинг чекка қисмида бўлиб, у ерда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг имкони йўқ, дейди тадбиркор. «Дўконларимиз ўрни уч йилдан бери бўш ётибди. Нега ўзимизга қуришга рухсат беришмайди?» дейди Мелиқулов.
Умуман, Узун тумани марказидаги бир нечта кўчаларда бош режа баҳонасида бузилган мулк эгаларининг аксарияти бугун сарсон. Ўтган йилги ўрганишимизда ўн чоғли фуқаролар арз қилган бўлса, бу сафар йигирмага яқин тадбиркорлар ҳақини ололмаётганидан шикоят қилишди.
Сафаримиз якшанба кунига тўғри келгани боис, ҳокимлик расмийлари билан учраша олмадик. Шу сабабли туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурашид Қурбонов билан икки марта телефон орқали суҳбатлашдик. Негадир, у ҳолат бўйича изоҳ бераман, деган бўлса-да ҳозирча лом-мим дейишни жоиз топмаяпти. Аслида Қурбонов бизга вазият бўйича қандайдир янги маълумот бера олишигаям шубҳа бор. Чунки, бир йил давомида ҳеч нарса ўзгармаган, тадбиркорларнинг муаммоси ҳал этиб берилмаган.
Дарвоқе, биз ўтган йили 2020 йилда айнан шу ҳолат бўйича Узун тумани молия бўлими бошлиғи Б.Баратов билан суҳбатлашгандик. У туман ғазнасида маблағ бўлмагани сабабли шу пайтга қадар компенсация тўлаб берилмагани ҳақида гапирганди. Худди шундай, туман архитектори Абдулҳамид Элмуродов ҳам тадбиркорларнинг мулки ўрни бировга берилмаслиги, кўкаламзор қилиб қўйилишини маълум қилганди. Сабаби туманнинг бош режасида шу кўзда тутилган экан.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Малик Чоршанбиев эса ўша вақтда ишга янги келгани сабабли «Бу масаладан тўлиқ хабарим йўқ, мурожаат қилган мулкдорлар ичида кимдир ер эмас, компенсация пулини талаб қилса, албатта, тўлаб берамиз», деганди. Буни қарангки, Чоршанбиев ўша пайтда янги келган бўлса, ҳозир кўтарилиб кетган ва яна унинг ўрнига бошқа киши ўринбосарликка тайинланган. Чоршанбиев айни вақтда Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари котибияти мудири вазифасида ишлаяпти. Афсуски, бу кўтарилиб кетишларнинг ҳеч бири тадбиркорлар муаммосига ечим бўлмаяпти.
Узун тумани собиқ ҳокими Отабек Норматовнинг 2018 йил 5 февралдаги қарори билан туман марказида 122 нафар фуқаронинг мулки «снос»га тушган. Шундан 11 нафарига товон пули тўлаб берилган. Айтганча, Узун туман ҳокимлигини бу тортишувда суд орқали ютиб чиққан тадбиркорлар ҳам бор экан. Масалан, Шердил Холмирзаевнинг қўлида суд қарори бўла туриб ҳам ҳақини ололмаяпти. Ҳокимлик манфаатига келганда, негадир ижро кечикяпти.
Афсуски, уч йил аввал бузилган объектларга тўланадиган компенсация пуллари инфляция сабаб ўз қадрини йўқотиб бормоқда. Тадбиркорлар ўзининг қонуний ҳақини ололмай, ижарада юрибди. Бу табиийки, шундоқ ҳам олис ва оғир туман бўлган Узунда ишсизлик ва камбағалликнинг авж олишига сабаб бўляпти.
Ўйлаб кўрилса, давлат тузилмасида мулкдорлар, хусусан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган ўнлаб ташкилотлар бор. Сенат, Қонунчилик палатаси, прокуратура, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси... Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Қўлида суд қарори ва ижро ҳужжати бўла туриб, қўл қовуштириб турган МИБни ҳам унутмаслик керак.
Хулоса ўрнида. Узун туманининг бош режаси борми ўзи? Бўлса, у нега амалга ошмаяпти ёки тадбиркорлар рози қилинмаяпти? Энг ёмони, туманнинг марказий кўчаси йилдан йилга торайиб боряпти. Бузилган жойларда енгил конструкцияли объектлар пайдо бўлмоқда. Аммо негадир мулки бузилганлар бу ерга яқинлаштирилмаяпти. Қизиқ, Узун туманида музлатиб қўйилган бу муаммога ечим топадиган раҳбар келишини тадбиркорлар яна қанча кутишаркан?
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Хотамов.
Мавзуга оид
12:04 / 05.04.2025
«Жиноят таркиби аниқланмади» – Узун туманида сўроққа олиб кетилган фуқаро вафот этгани юзасидан текширув якунланди
13:30 / 28.02.2025
Узун туман ИИБда фуқаро вафот этиши билан боғлиқ ҳолатни прокуратура ва Омбудсман ўрганмоқда
14:50 / 27.02.2025
ИИБдан яна ўлик чиқди: Узундаги қотиллик иши доирасида сўроққа олиб кетилган фермер вафот этди
17:44 / 26.02.2025