Жамият | 00:57 / 06.11.2021
10592
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда аҳолига имтиёзли нархда бериладиган газни талон-торож қилган жиноий гуруҳ ушланди

Кеча, 5 ноябр куни Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида жойлашган «Самарқанд газ тўлдириш станцияси»дан аҳоли хонадонларига ажратилган имтиёзли нархдаги суюлтирилган газни яширин равишда талон-торож қилиб келган жиноий уюшма фаолияти фош этилди.

Фото: Kun.uz

Улар «Нуробод газ сервис» МЧЖга қарашли «DAF» русумли, 20 т сиғимли юк автомашинасида суюлтирилган углеводородли (пропан) газни ташиш билан сурункали равишда шуғулланиб келган, деб хабар бермоқда Самарқанд вилоят прокуратураси.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «в» банди билан қўзғатилган жиноят иши терговининг биринчи кунидаёқ 6 нафар жиноий уюшма аъзоларига нисбатан суд ажрими билан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Прокуратура бу рақамлар кўлами кенгайиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Тезкор маълумотларга кўра, мазкур жиноий уюшмага бир қатор мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳам раҳнамолик қилиб келишган.

Жиноят иши тергови шахсан Самарқанд вилояти 2-сектор раҳбари — вилоят прокурори Р.Машариповнинг назоратига олинган. Вилоят 2-сектор раҳбари 10 нафар жиноятни фош этишга яқиндан кўмак берганларга ташаккурнома эълон қилиб, эсдалик совғалари улашди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид