Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳужум чизиғимиз яхши кўринишда, аммо ҳимояда катта муаммолар бор». Сречко Катанец миллий жамоа таркиби, кимлар кела олмаслиги ва Грузия ҳақида
Бугун, 8 ноябрь кунидан бошлаб Сречко Катанец мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда йиғин бошлади. ФИФА кунлари доирасидаги Грузияга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўтказилаётган машғулотларга футболчилар келиб қўшилмоқда. Словениялик мураббий йиғин олдидан журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Жаноб Катанец, ўртоқлик ўйини учун Грузия миллий жамоасини ким танлади ва таркиб бўйича хулосаларингиз қандай?
- Рақибни ЎФА билан маслаҳатлашган ҳолда аниқлаймиз. Грузия миллий жамоасини жуда яхши рақиб деб ҳисоблайман. Бу биз учун яхши синов бўлади. Ўйинга яхши тайёргарлик кўриш учун бизда машғулотларга етарлича вақт мавжуд. Таркиб ҳақида гапирадиган бўлсак, марказий ҳимоя чизиғида муаммолар бор. Рустам Ашурматов виза муаммоси сабабли йиғинга қўшила олмади. Шаҳбоз Умаров эса коронавирус юқтириб олгани туфайли кела олмайдиган бўлди. Қўл остимизда мавжуд ўйинчилар билан баҳсга тайёргарлик кўрамиз.
- Таркибдаги янги футболчилардан кимларни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?
- Барча ёш ўйинчиларни кўрсатишим мумкин. Бу ерга келишимдан олдин Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов ва яна баъзи ўйинчиларни билардим. Миллий жамоага чақирилган ёш ўйинчиларнинг барчаси мен учун янгилик. Биз уларга вақт бериб, хато қилса ҳам, имкон беришда давом этишимиз керак. Ўшандан кейин улар жамоага мослашиб, ўйинимизни кучайтириб бериши мумкин.
- Ҳужум чизиғида рақобат кучайиб бормоқда. Умуман миллий жамоадаги ҳужумчиларнинг сермаҳсуллиги ҳақида фикрингиз?
- Тўғри, айни пайтда ҳужум чизиғимиз яхши кўринишда дейишимиз мумкин, аммо биз алоҳида ўйинчиларга таяниб эмас, бутун жамоани шакллантиришимиз керак. Ҳужум чизиғимиз яхши ҳолатда бўлса ҳам, ҳимоя чизиғи ҳақида бундай дея олмайман. Ҳимояда катта муаммоларимиз бор ва уни бартараф этиб, яхлит жамоани яратишимиз керак, - дея Ўзбекистон бош мураббийи Сречко Катанецнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси йиғини ОФК календарига мувофиқ, 8-16 ноябрь кунлари ўтказилади. Ўзбекистон миллий жамоаси ушбу муддат мобайнида дастлаб Тошкентда, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Хориждаги йиғин доирасида 15 ноябрь куни Ўзбекистон Грузияга қарши Тбилисида баҳс ўтказади. Ўртоқлик ўйини «Борис Паичадзе» стадионида соат 19:00да бошланиши белгиланган.
Мавзуга оид
11:42 / 21.03.2025
Ўзбекистон Қирғизистонни кичик ҳисобда енгиб, мундиал сари яна бир қадам ташлаган ўйиндан фотожамланма
17:24 / 12.03.2025
Ўзбекистон миллий жамоасининг Қирғизистон ва Эронга қарши ўйин учун таркиби эълон қилинди
09:00 / 24.01.2025
«Оқ бўрилар»да «тўдабоши» ўзгарди: Копа уддалайдими?
22:19 / 23.01.2025