Ўзбекистон | 14:19 / 10.11.2021
18220
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ҳамон ёшармади: энг ёш раҳбарнинг бу борадаги фикрлари

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Kun.uz ёшлар каналида бўлиб ўтган жонли суҳбатда ҳукуматнинг нега ҳамон ёшармаётгани борасида фикрларини билдирди. У сиёсатга энди кириб келган пайтларини эслади.

Фото: Kun.uz

7 ноябр куни Kun.uz ёшлар каналида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев билан жонли чат ташкил этилди. Kun.uz журналисти ҳукуматга нега ҳамон ёшлар келиши қийин бўлаётгани борасида савол берди.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 йилда ҳамма жойга ёш, ватанни севган кадрлар келади деган фикрларини эслаймиз. Мана шу сиёсат доирасида ҳукуматга келган ёш раҳбарлардансиз. Лекин ҳамон ҳукуматдаги сезиларли ўзгаришларда ёшларнинг ўрни сезилмаяпти деган фикрларни эшитамиз. Бунинг сабаби ёшлар ҳали ишончни оқламаганими, тайёр бўлмаганими ёки ирода билан боғлиқ масалами?

— Ҳукуматда ҳам, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Олий суд ва норасмий тўртинчи ҳокимият — ОАВда ҳам ёшлар кўп бўлиши ва унинг мувозанати сақланишини хоҳлайман. Давлат органларида ёшларнинг ўрнини ошириш , уларни кўпроқ қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан.

Ёшларни сиёсатга тўғри тайёрлаб, уларнинг кириб келиш механизми охирги йилларда ёшлар сиёсати йўлга қўйилганидан кейин пайдо бўляпти. Нимага десангиз, ёшлар сиёсати менинг тасаввурим бўйича давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда чамбарчас боғлиқ. Биринчи марта шу агентлик билан бирга очиқ платформани ишга туширдик: бошқарма бошлиқлари, вазирликларга ишга кирувчилар ҳам мана шу тизим орқали рўйхатдан ўтади.

Кўрасиз, вақти келиб бошқарма бошлиқлари мана шу очиқ танловдан ўтгандан кейин вазир ўринбосари, вазир даражасига етишади. Бирданига, вазир тайёрлаш қийин бўлса керак. Лекин вазир ўринбосарини ҳар сафар қанақадир ноёб топилма сифатида топиш қийин бўлади. Уни пастдан тизимли етиштириб чиқарилмаса, яъни президент янги йўлга қўяётган тизими менинг тасаввурим бўйича мана шунинг асосий исботи бўлса керак.

Президентимиз кўп вазирлар энди туманни кўрган, туманнинг оғир-енгилини билган одамлар бўлиши керак, яъни кабинетда ўтириб пастдаги муаммоларни билмаса, уни биз катта раҳбар лавозимига олиб келишга урғу бермаймиз, деяптилар. Сабаби — пастни кўрган, муаммоларни кўрган, фуқаролар билан ишлаган, фуқароларни бошқаришни билган одамда пойдевор бўлади. Мен ҳам биринчи ишга келганимда фундаментал фақатгина битта билимим бўлган: жамоани бошқариш. Чунки бизнесда ҳам жамоани бошқарганман, вазирликда ҳам жамоа билан ишлаганман.

Ёшларга сигнал: Сенатда ҳам, ижро органида ҳам ёшларнинг кўзга кўринишини, жамиятдаги бошқа ёшларда ҳам қизиқиш уйғотяпти. Битта нарса бор, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга имкон бериш яхши, имкониятни тўлиқ яратиш керак. Уларга ишлаш тартиби, ишлаш тизими, ойлиги, ижтимоий таъминотини нормаллаштириш, умуман, ёшлар ривожланиши учун «карьеравий ўсиш»ни яратиб беришимиз керак, агар бу бўлмаса, ёшлар кетиб қолади. Сиз ТОП университетлар зўр битирувчини олиб келиб, битта компьютер билан битта принтерни бериб, мана шу ҳужжатни ёзсанг, шу ишинг десангиз, унинг мотивацияси ўлади. Унинг учун қайсидир соҳани ислоҳ қилиш, таълимда, иқтисодда, умуман тизимда нимадир ўзгариш қилиш — мотивация. Шунинг учун мана шу ёндашувни йўлга қўйсак, ёшлар келиши, қизиқиши ортади.

Охирги вақтлардаги кузатувим жуда кўплаб ёшлар давлат ишига кириб келди. Ёш нуқтайи назаридан 35–40 ёш оралиғидаги раҳбарлар кўп. Лекин 30 дан пастлари кам дейишингиз мумкин, мен буни нормал деб ҳисоблайман. Кичкинагина тажрибамдан келиб чиқиб, 30–40 оралиғида вазир лавозимига қўйишни такомиллаштириш кераклигини айтаман.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид