Ўзбекистон | 13:52 / 10.11.2021
86163
3 дақиқада ўқилади

Қобул Турсуновнинг сўнгги фармойиши: у охирги иш кунида 22,5 млрд сўм “тарқатди”

8 ноябрь куни “соғлиги даволаниш талаб этгани” сабабли вазифасидан озод этилган Навоий вилояти собиқ ҳокими Қобул Турсунов шу куни фармойиш чиқариб, бир қатор ташкилотларга жами 22 млрд 491 млн сўм маблағ ажратди. Бу “сахийлик”нинг айрим нуқталари саволларни юзага келтирмоқда.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Ҳоким фармойишида маблағ ажратилган вазифалар қаторида мактабгача таълим ташкилотларининг коммунал тўловларидан тортиб, Нурота туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйининг таъмирланиши билан боғлиқ харажатларни ҳам кўриш мумкин.

Кўрсатилган ушбу харажатлардан бири эътиборни тортади.

Фармойишга кўра, энг катта сумма, яъни 8 млрд 23 млн сўм маблағ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ажратилган. Хусусан, президентнинг 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сонли қарорига асосан, соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига маблағ ўтказиш харажатлари учун 4 млрд 23 млн сўм, янги ташкил этиладиган оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникаларни таъмирлаш харажатлари учун 1 млрд сўм ҳамда коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланадиган дори воситаларини сотиб олиш харажатлари учун 3 млрд сўм пул берилган.

Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 20 октябрдаги буйруғида эса бироз бошқачароқ ҳолатни ўқиш мумкин. Бошқарма бошлиғининг мазкур буйруғи билан вилоят болалар юқумли касалликлари шифохонасида ташкил этилган вақтинчалик коронавирус билан касалланган беморларни даволашга ихтисослаштирилган шифо ўринлари фаолияти 2021 йил 20 октябрь кунидан тўхтатилган.

Эътиборлиси, буйруқда тегишли масъулларга инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағларидан олинган дори-дармонлар қолдиғи тўғрисида ҳисобот топшириш ҳамда қолдиқдаги барча дори-дармонларни захира сифатида сақлаш топширилган. Бу 2021 йил 20 октябрь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси захирасида коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланадиган дори воситалари етарлича бўлганини англатади.

Қолаверса, ҳоким фармойиши иловасининг мазкур бандига изоҳ сифатида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2021 йил 24 августдаги хати кўрсатилган. Яъни 2021 йил 24 августда хат орқали коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланадиган дори воситаларини сотиб олиш учун вилоят ҳокимлигидан маблағ сўралган, 2021 йил 20 октябрь ҳолатида бошқарма захирасида дори-дармонлар қолдиғи бор, 2021 йил 8 ноябрда эса ҳоким фармойиши билан сўралган маблағ ажратилмоқда. Икки ярим ой дом-дараксиз ётган хат айни лавозим топшириладиган куни ижрога қаратиб қолингани ҳар қандай кишида шубҳа уйғотиши табиий, албатта.

Ҳокимнинг фармойишида 22 млрд 491 млн сўм маблағнинг 22 млрд 291 млн сўми вилоят маҳаллий бюджетининг 3-чорак даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан, 200 млн сўми вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид