Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эркаклар касбини эгаллаган андижонлик аёл: “Оилам яхши яшасин деб шу ҳунарни танладим”
Аслида бугунги қаҳрамон аёлимизнинг танлаган касби нозик хилқат вакилалари учун оғирлик қиладигандек. Лекин у оиласи фаровонлиги учун пайвандчилик ҳунарини эгаллади. Биз Андижон тумани Бахт маҳалласида яшовчи Юлдузхон Юнусованинг хонадонига кириб борганимизда у темир гулдон ясаётган экан.
“Ёшлигимда дўппидўзлик ҳунарини эгаллаб, турмушга чиққанимдан сўнг ҳам узоқ йиллар шуғулланиб келдим. Тўғриси, бу ҳунардан ҳозир даромад яхши эмас. Турмуш ўртоғим пайвандчи. Бу ҳунардан эса даромад яхши. Фақат бирор жойда буюртмага асосан “навес”, “барьер” ёки панжара каби ишларни бажаргани ёрдамга иккита шогирд билан боради. Дейлик, юз минг топса, учга бўлинади. Мана шу пул бўлинмасин, ўзимизнинг оилага кирсин, деб пайвандчиликни ўрганиб, ёнига кирдим.



Ёшлигимдан шаддод бўлиб ўсганман, кимнингдир олдига бўйин эгиб бориш мен учун қийин масала. Бир-икки марта маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлигига ёрдам сўраб бордим. Ёрдам беришди. Ўзимга ўзим “Бировдан сўрамаслик учун меҳнат қилиш керак” деганман ва ҳаракат қилиб пайвандчилик ҳунарини эгалладим. Болаларимиз катта бўляпти. Уйлайдиган, қиз чиқарадиган пайтимиз яқин. Шунинг учун ҳаракат қилмасак бўлмайди. Фарзандларимиз ҳам ёрдам бериб, меҳнатга ўрганяпти”, – дейди Юлдузхон Юнусова.


Аввалига ҳаракатчан аёлнинг эри унинг пайвандчиликни ўрганишига қаршилик қилади. Сўзида қатъий турган Юлдузхон ниятига етиб айни кунда эри билан бирга ва ўзи мустақил ҳолда буюртмага асосан турли буюмлар ясамоқда.
Тўғриси, икки ўғил ва бир қиз катта бўлаётган оиланинг яшаш шароити тўкис деб бўлмайди. Бир хонали уйда яшайди. Лекин Юлдузхоннинг келажакдан умидлари катта ва тилидан “шукр” сўзи тушмайди.

“Ҳақиқатан шароитимиз яхши эмасдир. Худога минг марта шукр, бошпанамиз бор. Ҳозир биз учун бир хонали уй етиб турибди. Ёшлигимда Ҳиндистонга бориб, одамларнинг капалар ичида, кўча четларида яшаётганини кўрганман. Бизнинг юртимизда тинчлик, осойишталик, кўчада яшайдиган одамнинг ўзи йўқ. Қорнимиз тўқ, устимиз бут. Тўғри, болалар катта бўляпти. Энди қўшимча уй, шароитларни яхшилашимиз керак. Лекин мен доим бугунги кунимга шукр келтираман”, – дейди қаҳрамонимиз.
Аёлнинг темир билан ишлашини суратга олиш давомида унинг турли оғирликдаги темир хомашёларни кўтариб оғир меҳнат қилишига гувоҳ бўлдик. Юлдузхон ўзи мустақил “брус”, “турник” каби спорт анжомлари, темир тебранма скамейка, гулдон, ётоқхона жиҳозлари ясай олади.
У танлаган ҳунари қай даражада мураккаб эканлиги ҳақида шундай дейди:“Ҳақиқатан оғир иш. Кундузи билан қаттиқ меҳнат қилгач, кечга бориб қаттиқ толиқаман. Лекин ўрганиб кетдим. Тўй-ҳашамларга борсам ҳам кўзим ўша ердаги темир буюмларда бўлади. Аёллар тақинчоқлар, кийим-кечакка қизиқса, мен мана шундай темир буюмларга қизиқаман. Ҳозирча хўжайиним менга устоз. Ҳали у кишидан кўп нарса ўрганишим керак”.
Юлдузхон атрофдаги маҳалла аҳолисига буюртмага асосан сўритоклар, декоратив панжара, дарвоза ва темир сўрилар ясаб, ўрнатиб беради. Унинг аёлларча дид билан қилинган ишларидан хонадон эгалари хурсанд.




“Мақсадим пайвандлаш йўли билан тайёрланадиган турли буюмлар ясайдиган цех очиш ва ўзим сингари аёлларга ҳунар ўргатиш. Майли, аёлларимиз пайвандчи бўлмасин. Лекин бўёқ ишлари ва бошқа енгил ҳунарларни ўрганишлари керак. Чунки бугун бу ҳунарларга талаб катта. Туман ҳокимига мурожаат қилганман. Менга цех учун жой ва ишни бошлаб олишга дастмоя керак. Кутяпман. Кредит олмайман. Лекин дастмоя беришса, Худо хоҳласа албатта қайтаришга кўзим етади.
Менга секторимиз раҳбари, туман ИИБ бошлиғи Фарҳодбек Мақсудов, туман ҳокимлиги хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Мавлуда опа кўмак бериб келишяпти. Улардан жуда миннатдорман.
Президентимиз аёлларга катта имкониятлар яратиб, эътибор бериб келади. Кўплаб опа-сингилларимизга давлат мукофотлари берганларида қувониб кетаман. Мен ҳам пайвандчиликни мукаммал эгаллаб, аёлларга ҳунар ўргатиб ва барчага намуна бўлиб президентимиз қўлидан орден олишни орзу қиламан”, – дейди Юлдузхон.

Қаҳрамонимизнинг энг яхши фазилати бу – келажакка ишонч билан қарашида деб билдик. Меҳнаткаш аёлнинг беш кишидан иборат оиласи бир хонали уйда яшайди ва уларда биттагина пайвандловчи ускуна бор. Ускунани эри билан навбатма-навбат ишлатади. Ўйлаймизки, Андижон вилоят ва Андижон туман ҳокимликлари қаҳрамонимизга албатта шароит яратиб беради ва у ўз орзусига эришади.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
16:35 / 29.01.2025
Андижон туманида китоб ўқиган аёлларга коммунал тўловлар тўлаб берилади
14:18 / 15.01.2025
Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб судланган Андижон тумани собиқ ҳокими вилоят касаба уюшмалари кенгашига раис бўлди
10:09 / 11.07.2024
Андижонда тез ҳаракатланган Tracker зовурга тушиб кетди
11:22 / 26.04.2024