Жаҳон | 10:07 / 11.11.2021
3446
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Twitter’даги сўровномадан кейин 1 миллиард долларлик акцияларини сотди

Tesla бош директори Илон Маск Twitter’да фойдаланувчилар ўртасида ўз акцияларини сотиш борасидаги ўтказган сўровномадан кейин компаниянинг 1,1 млрд долларлик акцияларини сотди. Бу ундаги Tesla акцияларининг 0,5 фоизини ташкил қилади.

Фото: Getty Images

Миллиардер Twitter’да ўтказган сўровномада фойдаланувчилардан компаниянинг ўзига тегишли акциялари 10 фоизини сотиш-сотмасликка овоз беришни сўраган ва унинг натижасига кўра қарор қабул қилишини айтган. 

ОАВда тахмин қилинишича, Маск компания акциялари нархи ошишидан олган даромаддан 15 млрд долларлик солиқни тўлаш учун ўз акцияларини сотмоқчи.

Таъкидланишича, Маск 2016 йилдан бери биринчи марта ўз акцияларини сотди. Ўшанда у 590 млн долларлик даромад солиғини тўлаш учун ўз акцияларини сотишига тўғри келган.

Тадбиркор ўтказган овоз беришда 3,5 млн фойдаланувчи иштирок этган ва уларнинг 58 фоизи акциялар сотилишини қўллаб-қувватлаган. Бунинг натижасида Tesla акциялари нархи кескин тушиб кетган ва Маск 2 кун ичида 50 млрд доллар йўқотган, компания капиталлашуви эса 199 млрд долларга қисқарган.

Маскнинг бу йўқотиши Bloomberg Billionaires Index рейтинги тарихидаги энг катта йўқотиш бўлди. Бироқ шунга қарамай, тадбиркор дунёдаги энг бой одам бўлиб қолмоқда. 10 ноябр ҳолатига кўра, унинг бойлиги 288 млрд долларга баҳоланмоқда.

Forbes рейтингига кўра, Маск 1 ноябрда бойлиги 300 млрд доллардан ошган тарихдаги биринчи одамга айланганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид