Ўзбекистон | 16:23 / 12.11.2021
3845
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор ўтказилган минтақавий халқаро олимпиада ғолиблари эълон қилинди

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

8–13 ноябрь кунлари Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилган Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси ғолиблари аниқланди. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

8 ноябрь куни Фарғона вилоятида бошланган Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси ўз ниҳоясига етди. Дунёнинг 18 та давлатидан 130 нафар ўқувчи иштирок этган олимпиада ўз ғолибларини аниқлади. Танлов натижаларига кўра дунёнинг турли давлатларидан қатнашган 56 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 8 нафар ўқувчилар: 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медал соҳиби бўлишди.

Вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамова олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига бериладиган мукофотлар ҳақида Kun.uz’га маълумот берди.

“Мазкур олимпиада минтақавий халқаро олимпиада ҳисобланади. Нуфуз жиҳатдан республика олимпиадасига тенглаштирилади. Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси дунё миқёсида тан олинган олимпиадаларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтказилади. Лекин ушбу олимпиада ғолиблари ҳам албатта рағбатлантирилади. Жумладан:

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

1-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баравари;
 
2-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари;
 
3-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдорида пул мукофоти берилади. 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл берилиши кўзда тутилган.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Уларни тайёрлаган ўқитувчилар учун эса:

1-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари;

2-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари;

3-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида рағбатлантирилади” деди у.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати
Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид