Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вақтинчалик танаффусдан сўнг эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш тикланди – ДХА
Давлат хизматлари агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 12 ноябр куни эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати уч соатлик танаффусдан сўнг қайта тикланган. Муаммога электрон тизим ишламай қолгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
“Агентлигимизда Давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармаси бор. Бошқармадагилар давлат хизматлари кўрсатиладиган тизимни мунтазам мониторинг қилиб туришади. Агар қайсидир базавий тизим ишламай қолса ва аҳолига хизмат кўрсатиш имкони бўлмаса, тегишли марказлар билан боғланишади.
Бугун соат 15:00 га яқин бошқама бошлиғининг маълумотига асосан фуқароларимизни овора қилмаслик ва давлат хизматлари марказларида узундан узоқ навбатлар ҳамда тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати вақтинча тўхталгани ҳақида хабар бердик”, дея ДХА матбуот хизмати раҳбари Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
ДХАнинг Телеграмдаги расмий каналида эълон қилинган хабарда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси электрон тизимида техник-профилактик тадбирлар амалга оширилиши муносабати билан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати вақтинчалик кўрсатилмаётгани, техник-профилактик тадбирлар якунлангани ҳақида қўшимча хабар берилиши ҳақида сўз боради.
ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг Kun.uz мухбири билан суҳбат давомида тизим ишламаётганини рад этди. У эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириб бериш тўхтатиб қўйилгани у ишлаётган идорага алоқаси йўқлигини таъкидлаб, юзага келган вазият бўйича изоҳни Давлат хизматлари агентлигидан сўрашни тавсия қилиш билан кифояланди.
Соат 17:50 да ДХА ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати тикланганини эълон қилди. Расмий хабарда ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказларига шанба ва якшанба ҳамда байрам кунларидан ташқари соат 9:00 дан 15:00 гача ҳам мурожаат қилишлари мумкинлиги, шунингдек, ИИББ ЙҲХБ бўлимларига томонидан ҳам бундай хизмат кўрсатилиши эслатилган.
“Мутахассисларимиз тизимни қайта текшириб кўришганда у ишлаб кетгани маълум бўлди. Уч соат давомида аҳолига хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмагани тизимда кузатилган техник муаммолар билан боғлиқ. Ушбу муаммолар бартараф этилгани сабабли хизмат тиклангани ҳақида қайта хабар бердик”, дея вазиятни изоҳлади Севара Зокирова.
Унинг қўшимча қилишича, айни пайтда Тошкент шаҳридаги Олмазор, Миробод, Учтепа, Юнусобод, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яшнобод туманлари, шунингдек, Андижон, Бухоро, Жиззах, Гулистон, Қўқон, Навоий, Фарғона, Наманган, Термиз, Хива, Қарши шаҳарлари ҳамда Шаҳрисабз ва Бувайда туманларидаги давлат хизматлари марказларида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириб бериш хизмати кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси 2021 йилнинг 31 декабригача янгисига алмаштирилиши керак. Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, бугунги кунда 5 793 000 нафар ҳайдовчиларнинг 3,6 миллион нафари ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирган. 2 миллиондан ортиқ ҳайдовчи эса ҳали бунга улгургани йўқ. Аммо эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг барчасини жорий якунига қадар алмаштиришнинг жисмонан ва техник жиҳатдан имкони йўқ. Чунки ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда бир ойда 200 минг донагача ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш мумкин. Шу боис эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддатини тоифалаштирилган тарзда узайтиришни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.
Аввалроқ эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига 4 та сценарий бўйича алмаштирилиши кутилаётгани, аммо ҳукумат қарори қачон қабул қилиниши номаълумлиги хабар қилинганди.
Мавзуга оид
16:42 / 24.03.2025
Қирғизистонда қоидабузар ҳайдовчилардан тўхтатилган жойда имтиҳон олинади
16:42 / 25.02.2025
Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинганлар профилактик ҳисобга олинади
11:26 / 12.02.2025
Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун керак бўладиган тиббий маълумотнома қандай олинади?
18:37 / 20.01.2025