Ўзбекистон | 07:50 / 13.11.2021
2968
2 дақиқада ўқилади

Болаларни қўллаб-қувватлаш фондига 100 млрд сўм ажратилади

“Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжатда қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайти маълумотларига кўра, 2019 йил 1 июль ҳолатида мамлакатда ногирон болалар сони 111 850 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич ҳар 1000 нафар болага 10,5 нафарни ташкил этади. Ҳар бир ногирон бола доимий равишда ижтимоий ва психологик кўмакка муҳтож ҳисобланади.

“Ўз навбатида, сўнгги йилларда болалар орасида онкологик касалликлар кузатилаётгани ташвишли ҳолат. Ушбу касалликни даволаш катта харажатлар билан боғлиқлиги боис ҳар бир бемор бола алоҳида кўмакка муҳтож ҳисобланади.

Қайд этилганларга асосан, қонун лойиҳасида ташкил этилиши кўзда тутилган Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолияти ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган”, дейилади лойиҳада.  
 
Қонун лойиҳасида фондни ташкил этиш мақсади, фонд фаолиятининг асосий принциплари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фонд фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, фонд бошқарув органлари, унинг фаолияти очиқлигини таъминлаш, фонд фаолиятининг молиявий асослари каби масалалар тартибга солиниши белгиланган. 

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фонд фаолияти доирасида бемор, ногирон, етим ва ёрдамга муҳтож болаларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Президентнинг 2021 йил 4 октябрдаги ПҚ–5255-сон қарори 5-бандида фондга давлат бюджети ҳисобидан 2021-2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам ажратилиши белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид