Жаҳон | 10:36 / 14.11.2021
4959
2 дақиқада ўқилади

Британия Беларусь чегарасидаги миграция инқирозида Россияни айблади

Фото: ТАСС

Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс Беларусь-Польша чегарасидаги мигрантлар билан боғлиқ вазиятга Россия жавобгар эканини айтди. Унинг фикрича, Москва миграция инқирозига чек қўйиш учун Минскка таъсир ўтказиши лозим. Трасс, шунингдек, Европани “Шимолий оқим-2” газ қувурига қарши санкциялар киритишга чақирди.  

“Россия яққол жавобгар ҳисобланади. У инқирозга чек қўйиш ва мулоқот бошлаш учун Минскка босим ўтказиши лозим”, деб ёзган Британия ташқи ишлар вазири The Sunday Telegraph нашри учун ёзган мақоласида.    

Трасснинг таъкидлашича, миграция инқирози Беларусь президенти Александр Лукашенко томонидан Беларусдаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва ҳукуматнинг ишларидан эътиборни чалғитиш мақсадида режалаштирилган. У Лукашенко тузуми мигрантлардан “гуманитар оқибатларга қарамай, барқарорсизлик вужудга келтириш ва ҳокимият тепасида қолиш мақсадида” фойдаланаётганини айтган. 

Трасс Британия НАТО саммитида “Европа давлатлари эркинликлари, иқтисодиётлари ва демократиясига раҳна солаётганлар” томонидан қўлланаётган “XXI асрдаги тажовуз усулларига қаршилик кўрсатишни” таклиф қилади. “Мен бутун Европадаги дўстларимиз бизша қўшилишини истайман. Бу, мисол учун, “Шимолий оқим-2” газ қувурига биргаликда қарши туришни англатади”, деб таъкидлаб ўтган вазир.

Айни вақтда Польша ва Беларусь чегарасида миграция инқирози давом этмоқда. Европа давлатлари Беларусни ушбу инқирозни атайлаб вужудга келтиришда айбламоқда ва Минскка қарши санкциялар киритишини айтмоқда. Беларусь президенти бунга жавобан Европа иттифоқига Ямал-Европа газ қувури орқали етказилувчи газни ёпиш билан таҳдид қилган.

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров миграция инқирозида Москванинг айбланишини “сафсата” деб атаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид