Жаҳон | 22:13 / 14.11.2021
16303
6 дақиқада ўқилади

Мигрантлар орасида Германия ёрдами ҳақида миш-миш тарқалди. Польша чегарасидаги вазият бўйича сўнгги хабарлар

Польша ИИВ Беларусь-Польша чегарасидаги мигрантлар орасида уларни тўсиқдан оммавий равишда ўтишга ундаш учун Германиядан автобуслар келаётгани ҳақида миш-миш тарқатилганидан огоҳлантирди.

Фото: Reuters

Польша ҳукумати Беларуснинг чегара ҳудудидаги барча мобил телефонларга бир неча тилларда ушбу миш-мишга ишонмаслик сўралган смс-хабарларни юборди. Бундай хабар мамлакат шимоли-шарқидаги Кужница чегара пунктида овоз кучайтириш орқали ҳам ўқиб эшиттирилди. Польша ИИВ матбуот хизмати ҳуқуқ-тартибот органларининг барчаси юқори шайлик ҳолатида турганини маълум қилган.

Беларусь-Польша чегарасида Яқин Шарқдан Беларусга келиб, чегара орқали Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудига ўтиш умидида минглаб қочқинлар тўпланиб турибди. Польша, шунингдек, Литва ва Латвия уларни чегарадан ўтказмаяпти, бу давлатлар чегарада бу қадар кўп сонли мигрантлар тўпланишини санкциялар учун қасос олиш мақсадида Россия томонидан Беларусь воситасида уюштирилган деб ҳисобламоқда. Польша ҳукумати Лукашенко ва Путинни «гангстерча тактика» ва «гибрид манипуляция» қўллашда айблаган. Икки президент ҳам айбловларни рад этиб келмоқда.

Польша ИИВ баёнотида айтилишича, дам олиш кунлари мигрантлар бир-бирига душанба куни чегарага уларни Германияга олиб кетиш учун автобуслар келиши, шундан кейин польшалик чегарачилар уларни ўз томонига ўтказиши ҳақида хабар тарқатишган. Вазирлик бу маълумот бирор асосга эга эмаслигини қайд этган.

«Польша Республикаси чегараси яқинида тўпланган мигрантлар орасида Польша мигрантларнинг Германияга транзитига рози бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Бу ёлғон», дея ёзди твиттердаги саҳифасида мамлакат ички ишлар вазири Мариуш Каминский. У бу хабарларни мигрантларни чегарани бузиб ўтишга ундашга қаратилган провокация деб атаган.

«Польша чегараси қўриқланмоқда ва қўриқланиши давом этади. Мен бу масалада қатъий қарорлар қабул қилдим», дея қўшимча қилди вазир ва Польша миллий хавфсизлик маркази мигрантларга миш-мишларга ишонмасликни сўраб, беш тилда батафсил маълумотларга ҳавола кўрсатилган хабарлар юбораётганини қайд этган.

Шанба куни 223 уриниш
Польша чегара хизмати ўрмонда, совуқ ҳавода болалари билан яшаётган мигрантларнинг чегарадан ўтиш учун навбатдаги уринишлари ҳақида хабар берди, хусусан, улар полициячиларга тошлар отишган.

Шанба куни 50 кишидан иборат гуруҳ Стажин қишлоғи яқинида тўсиқларни ошиб ўтган. Чегара хизмати маълумотига кўра, уларнинг барчаси тутилган ва Беларусь томонга қайтариб юборилган.

Яқин Шарқдан келган мигрантлар боши берк кўчага кириб қолишган ва Беларусь ўрмонида яшашга мажбур бўлмоқда / Reuters

Чегарачилар маълумотига кўра, шанба куни мигрантлар жами 223 марта Польша билан чегарани ноқонуний бузиб ўтишга ҳаракат қилгани қайд этилган. Улар тез орада оммавий ёриб ўтишга уринишларнинг навбатдаги оқими кузатилишига тайёрланишмоқда.

Польша чегара хизмати чегаранинг Беларусь томонида қуролланган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари пайдо бўлгани, айрим мигрантлар Беларусь полициячиларининг инструкциялари ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланишидан кейин палаткаларни йиғиштира бошлагани ҳақида хабар берган.

ЕИ Беларусни санкциялар учун қасд олиш мақсадида Россия ёрдамида Польша чегараси яқинида мигрантлар оқимини сунъий равишда кўпайтиришда айбламоқда. Беларусь ва Россия бу айбловларни рад этиб келади.

Британиянинг баёноти
Шанба куни Европадагиларнинг айбловларига Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасснинг овози ҳам қўшилди. Унинг сўзларига кўра,  Россия юзага келган вазият учун яққол жавобгар ҳисобланади ва у инқирозга чек қўйиш ҳамда мухолифат билан мулоқот бошлаш учун Минскка босим ўтказиши лозим.

Фото: Reuters

«Польша билан чегарада тобора кучайиб бораётган қарама-қаршилик - Лукашенко режимининг минтақадаги хавфсизликка путур етказиш учун навбатдаги уринишидир. У ўз ўйинида умидсиз мигрантлардан пиёда сифатида фойдаланиб, вазиятни беқарорлаштирган ҳолда ўз ҳокимиятини ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда», деган Трасс хоним Sunday Telegraph газетасидаги муаллифлик мақоласида.

Трасс Британия НАТО саммитида «Европа давлатлари эркинликлари, иқтисодиётлари ва демократиясига рахна солаётганлар» томонидан қўлланаётган «XXI асрдаги тажовуз усулларига қаршилик кўрсатиш»ни таклиф қилади. «Мен бутун Европадаги дўстларимиз бизга қўшилишини истайман. Бу, мисол учун, «Шимолий оқим-2» газ қувурига биргаликда қарши туришни англатади», деб таъкидлаб ўтган вазир.

У Беларусь-Польша чегарасига польшалик ёрдамларга техник кўмак кўрсатиш учун 50 нафар британиялик ҳарбий жўнатилишини қўшимча қилган.

Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчак ҳам Британия ҳарбийлари Польша—Беларусь чегарасидаги тўсиқларни мустаҳкамлашга ёрдам беришини маълум қилди. «Британия муҳандислик кучларининг кўмагидан олдин разведка ишлари бошланди. Бизнинг аскарлар Польша—Беларусь чегарасидаги тўсиқни мустаҳкамлашда (улар билан) ҳамкорлик қилади», деб ёзди у твиттердаги саҳифасида.

Трасснинг сўзларига Россия ТИВ расмийси Мария Захарова Телеграмдаги канали орқали жавоб қайтарди: «Қирқ минг британ аскари АҚШга бу мамлакатни [Ироқ. — таҳр.] босиб олиш, унинг фуқароларини ўлдириш ва талон-торож қилишда ёрдам берганди. (…) Лондон ўз жиноятлари учун жавобгарликка тортилмагунча, унинг расмийлари кимнидир айблашга ҳақли бўлмайди».

Мавзуга оид