Иқтисодиёт | 18:02 / 14.11.2021
55897
3 дақиқада ўқилади

Янги Captiva’га шартномалар бекор қилинаётгани ҳақида хабар тарқалди. Компания расмий баёнот бермаяпти

UzAuto Motors компаниясининг дилерлик пунктлари янгиланган Chevrolet Captiva автомобили учун тузилган шартномаларни бекор қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: Kun.uz

Телеграмдаги Kurbanoff.net канали муаллифига мурожаат қилган автомашина харидорининг ҳикоя қилишича, унга автосалондан қўнғироқ қилиб, янги Captiva етказиб берилмаслигини маълум қилишган. Буни янги машина бизнинг минтақамизга тўғри келмаслиги билан изоҳлашган.

Энди харидор автосалонга келиб ариза ёзиб машинани бошқа қимматроғига алмаштириб, қўшимча тўлов қилиши ёки арзонроғига (аниқроғи, Tracker’га) алмаштириб, икки ой давомида тўловдаги фарқни қайтариб олиши, ёки умуман шартномани бекор қилиб пулини қайтариб олиши (яна бироз сабр қилган ҳолда) мумкинлигини ҳам тушунтиришган.

Харидор буни ҳазил деб ўйлаб, қўнғироқ қилган одамни уришиб берган. Сўнгра унга яна бир қўнғироқ бўлган ва ўзини UzAuto’данман деб таништирган киши юқоридаги шартларни такрорлаган.

«Мижоз энди чуқур таажжубда ва нима қилишини билмаяпти. Монополияга қарши курашиш агентлиги ҳам бу борада ёрдам беролмаслиги аниқ», деб ёзади блогер.

Энг ҳайратланарлиси, тузилган шартномада автомобилни етказиб бериш санаси — 2022 йил февралдан ташқари, автомобилни етказиб беришнинг сўнгги муддати — 2022 йил сентябрь ҳам бор.

Фото: Kurbanoff.net

Блогер Captiva учун тўлов қилган бир неча кишига қўнғироқ қилиб суриштирган. Уларга ҳам автосалонлардан шундай қўнғироқлар бўлганини тасдиқлашган. Лекин энг биринчи бўлиб тўлов қилганларга машина етказиб бериши мумкинлигига ҳам умид қолдиришган.

Энг қизиғи, ҳали етказиб берилиши номаълум бўлган автомашиналарга кредит ёки лизинг шартномаси имзолаб, ҳозирдан ойма-ой тўлов қилиб юрганлар ҳам бор экан.

Kun.uz мухбири суҳбатлашган харидорлардан бири ҳам буни тасдиқлади. Таҳририят бу масалада ўз суриштирувини бошлади.

UzAuto Motors ҳозирча пайдо бўлган вазият юзасидан расмий муносабат эълон қилгани йўқ.

Аввалроқ янгиланган Chevrolet Captiva автомобили учун шартнома тузиш бошлангач, ижтимоий тармоқларда автомобил нархи ўзгариши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган ва UzAuto Motors компанияси шартномадаги кўрсатиб ўтилган банд бўйича ўз расмий муносабатини билдирган эди.

Мавзуга оид