Ўзбекистон | 16:02 / 15.11.2021
37602
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 6 киши томонидан зўрланганини айтган аёл туҳмат қилган деб топилди

Видеодан кадр

Судланувчига 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Kun.uz’га Андижон вилоят суди ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бундан 6 ой муқаддам Андижон вилояти Андижон туманида 6 нафар эркак дала шийпонида ёш келин О.О.нинг номусига теккани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 6 киши гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб этилган. Орадан маълум вақт ўтиб, андижонлик келиннинг аризасидаги ҳолатлар ўз исботини топмагани ва унинг туҳмат қилганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилиши маълум қилинганди.

Андижон вилоят судининг Kun.uz’га хабар беришича, келиннинг туҳмат қилганлик ҳолати судда кўриб чиқилган. Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судининг 2021 йил 10 сентябрдаги ҳукми билан судланувчи О.О. Жиноят кодекси 139-моддаси (туҳмат) 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Суд томонидан О.О.га 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Қўшимча қилинишича, суд ҳукмига нисбатан прокурор протест келтиргани сабабли иш апелляция судида ҳам кўриб чиқилган. Андижон вилоят судининг 2021 йил 4 ноябрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид