Ўзбекистон | 21:53 / 15.11.2021
3024
3 дақиқада ўқилади

Германия тараққиёт банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлайди

Фото: bizenglish

Президентнинг “Германия тараққиёт банки иштирокида "Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда Германия тараққиёт банки (KfW) томонидан Ўзбекистонда "Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш" лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон ва Германия ўртасида қарз ва грант битимлари имзолангани айтилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 29,8 млн евро бўлиб, шундан 26,8 млн евро KfWнинг кредитини; 3 млн евро Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ консультация хизматлари учун KfW грантини ташкил этади. Кредит йиллик 2 фоизли ставкада, 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 30 йил муддатга ажратилади.

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида амалга оширилади. Амалга ошириш муддати - 4 йил (2021-2024 йиллар).

Қуйидагилар тасдиқланди: лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари ва маблағлардан фойдаланиш жадвали; лойиҳа доирасида KfW кредитини ва унинг фоиз тўловларини тўлашнинг прогноз жадвали; лойиҳани амалга ошириш юзасидан "Йўл харитаси".

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Қуйидаги топшириқлар берилди: Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва МБ билан биргаликда KfW билан келишган ҳолда бир ой муддатда Лойиҳа доирасида иштирок этувчи молиявий ташкилотларни танлаб олиш мезонларини ва бериладиган кредитни молиялашнинг муддатлари ва шартлари (валюта хатарини ҳисобга олган ҳолда), сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда KfW кредитидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш; Молия вазирлигига KfW қарз маблағларини Лойиҳада иштирок этувчи молиявий ташкилотларга: Ўзбекистон валютасида қайта кредитлашда МБнинг асосий ставкасидан кам бўлмаган ставкада; еврода қайта кредитлашда жалб қилинаётган кредит ставкасининг 25 фоизидан ошмайдиган миқдорда Ўзбекистон маржаси билан тақдим этиш.
 
Лойиҳада иштирок этувчи молиявий ташкилотларга: кредит линиясини бошқариш; KfW кредитининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш; сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳисобот ва мониторингни юритиш вазифалари юкланди.

Мавзуга оид