Ўзбекистон | 15:08 / 15.11.2021
18137
6 дақиқада ўқилади

Қамишлар орасидан отилган ўқ. Овчилар ҳаётидан эксклюзив репортаж

Саксовул панаси ва қамишлар ораси — бу Қизилқум чўли билан туташиб кетган Айдаркўл соҳилларида моҳир овчилар паналаб, ўлжанинг келишини пойлайдиган энг қулай жой. Айни кунларда ҳам ов мавсуми бошланган, Айдаркўл осмони нотинч, эрта тонг ва ярим тунда милтиқ товушлари атрофдаги сукунатни бузиб туради.

Кўл соҳилларида ҳам қушлар, ҳам чўл ҳайвонлари борлиги туфайли ов ишқибозларининг севимли жойига айланган. Ҳар йили ов мавсумида бу манзилга турли вилоятлардан юзлаб овчилар келади. Улар орасида табиатни севувчи, рухсатномага эга моҳир овчилар ҳам, овни даромад манбаига айлантириб олган, ёввойи табиатга озор етказувчи браконьерлар ҳам бор.  

Навоийлик овчи Элёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, овнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Аввало, кутиш керак. Қайси кундир ов бароридан келади, қайсидир куни эса йўқ. Ҳозир овчилар асосан ўрдак овламоқда экан. Ғоз камлиги учун анча машаққат билан отилади.

Яна бир овчи Ҳамза Раззоқов эса ов жараёни ҳақида шундай дейди:

“Ов милтиғимдан 15 йилдан бери фойдаланаман. Ўқни эса асосан ўзимиз тайёрлаймиз, бунинг учун барча аппаратларимиз бор. Ўқ отиладиган ҳайвонга қараб турлича тайёрланади. Масалан, ғоз учун алоҳида, ўрдак учун алоҳида. Ов жараёни мен учун хобби. Овга чиқсам дам оламан. Табиатимиз жуда чиройли, ҳаво тоза. Қаранг, қандай гўзал жойлар. Бу ерларга келмаслик мумкинми?! Одам сувни кўриб, қамишларни кўриб маза қилади. Тепадан қушлар учади. Кўп отмаймиз, ов йўлланмасида нечта белгиланган бўлса, шунча овлаймиз. Барчасини қонуний қиламиз, рухсатномамиз бор, “Овчилар жамияти”дан йўлланма оламиз”.

Кундузи кўлга қўнган қушлар тунда шамол кучайса, атрофдаги кичик кўлларга учиб ўтади. Кўчиш асосан эрта тонгда ва кун ботишда юз беради. Овчилар ҳали тонг отмасдан кичик кўллар атрофидаги қамишзорлар орасига беркиниб, ўрдакларнинг учиб ўтишини пойлаб ўтиришади. Айрим овчилар эса ўзи ўтирган жой яқинидаги сувга 40-50 та ўрдак макетларини боғлаб қўйишади. Бу ҳақиқий ўрдакларни чалғитиб, чақириш учун. Пастлаб учган ҳамда макетларга алданган ўрдаклар агарда овчининг отган ўқи тегса, ўлжага айланади.

“Овчиликка қизиқиш ёшлигимда отамдан ўтган. Отам ҳам, бобом ҳам овчи бўлган. Ҳозирда асосан ғоз, ўрдак, қуён овлаяпмиз. Фарғонада бунақа шароитлар йўқ. Шунинг учун йилда икки марта Навоийга келиб, дам олиб кетамиз. Овчилик асли касб эмас. Паррандани отиб сотиш, шу билан тирикчилик ўтказиш умуман инсонга тўғри келмайди. Энди овга чиқишнинг сарфини ҳисобласа-ку, ўзимиз томонда қўй ёғига ош еймиз. Аммо овнинг сарфи ҳисобланмайди. Ҳозирги кунда дўконларимизда порохларимиз етарлича даражада-ю, нархи сал қимматроқ. Мен НС-21 ярим автомат бешотар қуролидан фойдаланаман. Яхши милтиқ, маза қилиб отаман. Ўзимиз тайёрлаган ўқлар ҳам тушади. Ҳозирда Туркия ва Италия давлатларида ишлаб чиқарилган ов қуроллари ҳам бор. Аммо шу қуролга ўрганиб қолганман.

Овчиларда ҳеч ҳам ғийбат сўз бўлмайди. Уч-тўртта овчи бир жойга тўпланса, бировни ғийбат қилмайди, ўзларининг ови ҳақида гаплашади. Бирови ўзининг қуролини мақтаса, бирови овчи итини мақтайди. Овчи овчидан бирор нарсани қизғонмайди. Масалан, чойхоналарга борсангиз, сўриларда бегона одамлар ўтиради, лекин улар бир-бирига ўзлари пиширган таомдан беришмайди. Овчиларда бундай эмас. Ов жойларида бир-биримизни танимасак ҳам,албатта тайёрлаган овқатимизни бирга баҳам кўрамиз. Овда янги суҳбатдошлар топасиз”, — дейди фарғоналик овчи Дилшод Нишонов.

Қуёнлар эса бу ҳудудда ҳамиша бор. Навоий вилояти Овчи-балиқчи спорт бирлашмаси овшуноси Ўткир Жўраевнинг таъкидлашича, белгиланган муддатларда ҳудуддаги ёввойи жонзотларнингсаноғи ўтказилади. Масалан, 1 гектар майдондаги қуёнлар санаб чиқилиб, ҳудуддаги қуёнларнинг ўртача сони чиқарилади. Овчиларга жами миқдордан 8-10 фоизгача овлаш учун йўлланмалар берилади.

Ўткир Жўраев, овшунос:

“Навоий вилоятида 1 700 нафарга яқин овчи бор. Қайси ҳайвонларни овлаш мумкинлиги ва ов жараёнининг талаблари ҳақида уларга тушунтиришлар ўтказиб борилади. Ҳудудда 13 хил ўрдакларимиз, ноёб қушлардан оққушлар бор. Ҳатто Жанубий Африкадан фламинголар учиб келган вақтлари ҳам бўлган. Сут эмизувчилардан асосан қуён, бўрсиқ, шимолроқ томонларда тўнғизни учратиш мумкин. Овчиларга мавсумий ёки бир маротабалик рухсатномалар берилади. Ҳафтанинг сешанба-чоршанба кунлари тинч кун ҳисобланади, ўқ отилмайди. Айни кунларда фақат сувда сузувчи, яъни ғоз ва ўрдакларга рухсат беряпмиз”.

Айдаркўлдан ноқонуний равишда балиқ тутиб сотувчи балиқчилар, ов йўлланмаси бўлмасада ўрдак ва қуён овлаб кетувчи овчилар учраб туради. Шу сабабли, ҳудудда Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг экологик назорат пунктлари жойлашган. Инспекторлар доимий равишда Айдаркўл сув ҳавзаси ва унинг қирғоқбўйини назорат қилиб боришади. Агар браконьерлар аниқланса ёки овчилар белгиланган талабларга амал қилишмаса, уларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилади ҳамда табиатга етказилган зарар ундирилиб, жаримага тортилади.

Овчиларнинг маълум қилишича, Айдаркўлнинг сув сатҳи йилдан-йилга камайиб бормоқда. Қирғоқ олдинги йилларга қараганда анча чекинган. Иккинчи Оролга айланмаслиги учун Айдаркўлни ҳам, унинг ёввойи табиатини ҳам асраш керак. Агар овчилар овчилик маданияти ва белгиланган тартибларга амал қилишса, бу ҳудудда ҳали кўп йиллар ов қилиб, ҳордиқ чиқаришади.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид