Ўзбекистон | 17:44 / 16.11.2021
11437
4 дақиқада ўқилади

“Жазо катта-ю кичик балиқларга бирдек муқаррар бўлиши керак” — Русланбек Давлетов коррупция ҳақида

“Гап жазонинг катта-кичиклигида эмас, муқаррарлигида. Жазо катта-ю кичик балиқларга бирдек муқаррар бўлиши керак”, – деди адлия вазири. Унинг фикрича, коррупцияга қарши курашда “агрессив кадр сиёсати” қўл келади.

Фото: Kun.uz

Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат бошқаруви, ҳуқуқий соҳа ва давлат хизматлари масалалари бўйича Telegram'даги жонли подкастда иштирок этиб, онлайн равишда аҳолидан саволларига жавоб берди.

Вазир аудиомулоқот давомида коррупцияга қарши курашиш ҳақида тўхталди.

Кўпчилик ўлим жазоси дейди. Қонун устуворлиги юқори ва коррупция даражаси паст давлатлар қонунчилигини кўрсангиз, биронтасида ўлим жазоси йўқ. Улар замонавий, маданий усуллар билан бу натижаларга эришган.

Ҳамма Сингапурни мисол келтиради. Сингапурда коррупция учун энг юқори қамоқ муддати 7 йилгача қилиб белгиланган. Бизда эса 15 йил, лекин коррупция кўрсаткичи юқори. Кўринадики, гап жазонинг катта-кичиклигида эмас, муқаррарлигида. Жазо каттаю кичик балиқларга бирдек муқаррар бўлиши керак”.

Давлетовнинг сўзларига кўра, ойлик маошларни кўтариш билангина коррупцияни енгиб бўлмайди.

Ойликларни кўтариш-чи, чора бўла оладими? Қисман, аммо мутлақ эмас. Бу коррупция кўрсаткичини камайтириши мумкин. Лекин ноҳалол ходимларга нисбатан иш бермайди. Ли Куан Ю айтади: “Мен муттаҳам ходимларга кўп ойлик берсам, улар кўп ойлик олиб ҳам муттаҳамлигини қилаверади”. Шунинг учун ойликлар ошириш билан бирга, иш жараёнларни таҳлил қилиб бориш ва қатъий тозалаш ишларини олиб бориш лозим.

Масалан, биз нотариат соҳасида ойликларни ошириш билан бирга талабни ҳам қаттиқ қўйдик, яъни агрессив кадр сиёсатини олиб бордик. Бу образли қилиб айтганда “бошини шарт олиб ташлаш” дегани. Хусусан, ФҲДЁ тизим ҳокимиятдан бизга ўтгач, ходимларни очиқ-шаффоф аттестация қилдик, шунда айрим ҳудудларда ҳаттоки 50 фоиз ходим аттестациядан ўтолмади. Бу жараёнда кўп таъна-ю норозиликлар бўлди бизга нисбатан, лекин тизимни тозалаш йўлида принципларимизда қатъий турдик. Ноҳалол ходим ишлагандан кўра ўша жой бўш тургани яхши. Нотариатда, давлат хизматлари соҳасида ҳам шу йўлни тутдик”.

Ҳукумат аъзоси коррупцияни бартараф қилишда диний таълимнинг ўрни хусусида ҳам фикр билдирди.

Кўплар диний таълим берсак, ҳалол-ҳаромни ўргатсак, коррупция чекинади дейди. Лекин диний таълимни туғилганидан миясига қуядиган давлатларни кўрсак, уларнинг коррупцияга қарши кураш натижалари ҳавасланарли эмас. Биз буни ўрганганмиз, таҳлил қилганмиз, диний воизларни жалб этганмиз, улар маърузалар қилишган. Бу ҳам маълум бир қатламга, маълум бир жараёнда таъсир қилади”.

Адлия вазирлиги раҳбари маданият ва миллий менталитет ҳам коррупцияга таъсир қилишини таъкидлади.

Маданият ва миллий менталитет ҳам коррупцияга таъсир қилади. Уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик, трайбализм каби омилларнинг салбий таъсирини рад этолмаймиз. Демак, ривожланишимизга салбий таъсир қиладиган одатлар бўлса, улардан воз кечиш керак. Мана, тўйлардаги одатларни халқнинг ўзи ҳам танқид қилади, одамлар ўзи ҳам бу урф-одатлардан норози-ку. Хитойда ҳам сиёсатчилар прокурор, судьялар ва адвокатлар орасида норасмий муносабатлар борлигини тан олиб, умуман шу инсонлар учун шахсий муносабатларни тақиқлади. Демак, муаммони тан олди ва шунга қарши зарба берди”.

Русланбек Давлетовга кўра, коррупцияга қарши курашда конкрет битта усул самарали дейиш нотўғри ҳамда ҳукумат бу масалага институционал, тизимли ва комплекс ёндашиши, катта социологик тадқиқотлар қилиниши, институтлар ишлаши керак, муаммо илмий ёндашилган ҳолда ҳал этилиши лозим.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид