Ўзбекистон | 10:15 / 16.11.2021
9062
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида кучли қор ёғиши кутилаётгани маълум қилинди

“Ўзгидромет” Қамчиқ довони бўйича шошилинч ахборот билан чиқди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, 17 ноябрь куни А-373 «Тошкент – Ўш» автойўлининг Қамчиқ довони ҳудудида қор кўринишида ёғингарчилик кузатилади.

Қайд этилишича, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик бўлади, туман тушади, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши мумкин.

“Ўзгидромет” маълумотига кўра, шамол тезлиги 17–22 м/с, баъзан 25-27 м/с гача кучайиши кутилмоқда, автойўлда яхвонлик ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Аввалроқ, ҳафта ўрталарида об-ҳаво кескин ёмонлашиши кутилаётгани хабар берилганди.

16 ноябрда Ўзбекистон шимолий ҳудудларига, 17-18 ноябрда республика барча ҳудудига Волгабўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди (Москва вилояти) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади.

17 ноябрда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, қорга айланади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 0-5 даража илиққача, шимолда кечаси 5-8 даража совуққача, кундуз куни 0-3 даража совуққача пасаяди.

18-19 ноябрда Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг тоғли ҳудудларида 18 ноябрда қор кўринишидаги ёғингарчилик сақланиб туради. Ҳарорат кечалари 5-8 даража совуққача, шимолда 12-15 даража совуққача пасаяди, кундуз кунлари 0-5 даража илиқ, шимолда 0-3 даража совуқ атрофида сақланиб туради.

Мавзуга оид